Давлат хизматларини кўрсатиш тизими ривожлантирилмоқда. Аҳолининг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда.
Бу жараёнда эскирган ва замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомиллар бекор қилиниб, инновацион механизмлар жорий этилаётир.
Шу мақсадда жорий йил 30 августда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахсларни идентификациялашнинг Мобил-ID тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор электрон шаклда фойдаланиш мумкин бўлган давлат хизматлари бўйича аҳолимизнинг идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олишга хизмат қилади ҳамда турли оворагарчиликларга ва хизматдан фойдаланиш учун ташкилотларда узундан-узоқ навбат кутиб туришига чек қўяди.
Аҳолига тушунарли бўлиши учун Мобил-ID тизими шахсни унинг мобил телефон рақами орқали идентификациялашни назарда тутади.
Хўш, бу аҳолига нима беради?
Адлия вазирлигидан маълум қилишларича, шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими фойдаланувчиларга электрон ракамли имзони қўлламаган ҳолда барча давлат хизматларидан фойдаланиш имконини беради (бундан кредитлаш соҳасида кўрсатиладиган молиявий хизматлар мустасно).
Шахсни Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра давлат хизматлари маркази ёки нотариал идора томонидан ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг (ЯИДХП) мобил иловаси орқали амалга оширилади.
Бунда фуқаро бевосита давлат хизматлари маркази ёки нотариал идорага мурожаат қилганда шахсни тасдиқловчи ҳужжат асосида фуқаронинг юзи рақамли форматда расмга туширилади. Электрон шаклда қўл бармоғи изи олинади ва мобил телефон рақами ЯИДХПдаги шахсий кабинетга боғланади.
Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фойдаланувчи томонидан ЯИДХПнинг мобил иловасидан фойдаланилганда масофадан биометрик идентификациялаш (Face-ID) усули ёки ID-картадаги электрон рақамли имзо қўлланилади ҳамда мобил телефон рақами ЯИДХПдаги шахсий кабинетга бепул боғланади.
Бунда фойдаланувчи масофадан туриб Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтиш учун ЯИДХПнинг мобил иловасидан фойдаланади ҳамда электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради.
ЯИДХПнинг мобил иловаси орқали фойдаланувчини Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказишда тақдим этилаётган мобил телефон рақами айнан мурожаат қилаётган фойдаланувчи номига расмийлаштирилган бўлиши зарур.
Бевосита давлат хизматлари маркази ёки нотариал идора орқали фуқароларни Мобил-ID тизимига идентификация қилиш 2022 йил 31 декабргача бепул, 2023 йил 1 январдан бошлаб базавий ҳисоблаш микдорининг 2 фоизи микдорида бир марталик тўлов ундирган ҳолда амалга оширилади.
Фойдаланувчилар Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 177-сон қарорига мувофиқ бириктирилган ЖШШИРга ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги мобил алоқа операторлари томонидан берилган мобил телефон рақамга (ҳисоб баланси фаол бўлган ҳолда) эга бўлиши зарур.
Фойдаланувчи бир нечта мобил телефон рақамларига эга бўлганда унинг танловига асосан фақат бир мобил телефон рақами Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтказилади.
Фойдаланувчилар Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтгандан кейин “Тасдиқланган фойдаланувчи” мақомини олади ва барча электрон давлат хизматларидан фойдаланиши мумкин бўлади (кредитлаш соҳасида кўрсатиладиган молиявий хизматлар бундан мустасно).
Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтишни ишончнома асосида ёки вакил орқали амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Яна бир муҳим жойи – Мобил-ID тизими орқали идентификациялаш юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Мобил-ID тизимидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади. OneID тизими орқали давлат органлари ва ташкилотларининг портал ва ахборот тизимларига киришда фойдаланувчиларнинг шахсини тасдиқлаш (аутентификация қилиш), Мобил-ID тизимидан фойдаланаётган фойдаланувчининг ҳақиқийлигини тасдиқлаш (верификация қилиш), электрон давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича фойдаланувчилар томонидан берилган аризаларни тасдиқлаш, фойдаланувчи ўзининг шахсига доир маълумотларни давлат органлари ва ташкилотлари “Электрон ҳукумат” тизими орқали олганда бу ҳақида хабарномалар қабул қилиш, фойдаланувчи ўзининг шахсига доир маълумотларини давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари, нодавлат ташкилотлар “Электрон ҳукумат” тизими орқали олиши учун рухсат бериш, қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатларда.
Мобил-ID тизими орқали хизматлардан фойдаланишда фойдаланувчининг Мобил-ID тизимида идентификациядан ўтган мобил телефон рақамига бир марталик уникал кодли SMS-хабар юборилади ва ушбу код тизимга киритилганда хизматдан фойдаланиш мумкин бўлади. Бу орқали тизим фойдаланувчиларининг хавфсизлиги таъминланади ва унга оид маълумотлардан фойдаланишга розилиги тасдиқланади.
Қоида тариқасида Мобил-ID тизимидаги идентификациянинг муддати чекланмайди. Фақат шахс (фойдаланувчи) исталган вақтда ва ўз хоҳишига кўра давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХПнинг мобил иловаси орқали Мобил-ID тизимидаги идентификацияни бекор қилиши мумкин.
Мобил-ID тизими оператори Адлия вазирлигининг “Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси ҳисобланади.
Адлия вазирлиги томонидан жисмоний шахсларни Мобил-ID тизимида идентификациялашни йўлга қўйиш бўйича ахборот тизими ишлаб чиқилиб, ишга туширилганлиги маълум қилинди.
Қисқа қилиб айтганда, Мобил-ID тизими аҳолининг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради ва аҳолига қулайликлар яратади. Давлат хизматларини ривожлантириш соҳасидаги халқаро рейтингларда эса Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА