French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электрон – инновацион кутубхона ёшлар билимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда
09:51 / 2021-04-05

Бугун Конимех туман маркази тоборо чирой очиб бормоқда. Янгидан-янги иншоотлар қурилиб, фойдаланишга топширилаяпти. Мавжудлари таъмирланиб замонавийлик касб этмоқда. Хуллас, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари авжида.

Туман ҳокимлиги биносига олиб борувчи кўча қайта таъмирланиб, Ёшлар хиёбонига айлантирилди. Ҳозир гап қурилиш-таъмирлаш ишларига қанча маблағ сарфлангани-ю, ким томонидан амалга оширилгани ҳақида эмас.

Хиёбон бугун турли ёшдаги аҳоли вакиллари билан гавжум. Улар бу ерда нафақат дам олади, балки китоб мутолааси билан ҳам банд бўлади. Сабаби, хиёбонда “Электрон – инновацион кутубхона” ташкил этилган. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Отабек Жангировнинг таъкидлашича, ушбу “Электрон – инновацион кутубхона”да қарийб 400 дона китобнинг электрон нусхаси киритилган бўлиб, фойдаланувчилар бир вақтнинг ўзида ҳам электрон китоб билан танишиши ҳам ушбу китобларнинг аудиоларини эшитиши мумкин бўлади.  

[gallery-1885]

– “Электрон – инновацион кутубхона” баннерларида адабиётларнинг номи ва уни онлайн базадан топиш имконини берувчи QR код жойлаштирилган, – дейди 29-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Сабрина Сайилова. 

– Смартфонда QR код орқали китобларни интернет ресурсларидан тез ва осон топиш имконияти мавжуд. Ким хоҳласа китобнинг аудиосини, ким хоҳласа матнли шаклини бемалол ўқиб ўрганиши мумкин. Тез-тез дўстларимиз билан бу ерга келиб, китоб мутолаа қиламиз. Ўзаро фикр алмашиб, билимларимизни янада бойитамиз, баҳслашамиз.  

Албатта, туман марказида инновацион усуллардан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда “Наврўз” МФЙ Ажиниёз кўчасида 30 миллион сўм сарфланиб Wi-Fi бекати ташкил этилди. Бу ерда аҳоли дам олиш билан бирга телефон воситаларини қувватлантириши ва бепул интернетдан фойдаланиши мумкин.

 

Абдували Бўриев,

Сирож Аслонов (сурат), ЎзА