English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электрон ҳукуматни ривожлантиришда Эстония тажрибаси ўрганилмоқда
12:03 / 2022-02-15

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос бошчилигидаги делегация электрон ҳукуматни ишлаб чиқиш ва жорий этиш тажрибаси билан танишиш мақсадида Эстония Республикасига борди.

Вазирлик берган маълумотларга кўра, мазкур ташриф “Рақамли Ўзбекистон салоҳиятини оширишга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган.

Ташрифдан асосий кўзланган мақсад – Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш, электрон давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришдан иборат. Шунингдек, электрон ҳукумат архитектураси ва тузилмасини оптималлаштириш, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида рақамлаштириш лойиҳалари самарадорлигини оширишга қаратилган.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Эстония электрон ҳукуматни жорий этиш ва ривожлантириш бўйича Европа ҳамда дунёда етакчилардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда Эстония электрон ҳукумат рейтингида дунёда 3-ўринни эгаллаб турибди.

Ташриф давомида вазирнинг биринчи ўринбосари Олег Пекос Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ва электрон давлат хизматларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирди. Электрон ҳукумат ва рақамли электрон иқтисодиётни ривожлантиришда ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Гўзал Сатторова, ЎзА