Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Электрон ҳукумат” тизими давлат тараққиётининг ажралмас қисмига айланмоқда
16:11 / 2023-10-25

Мамлакатимизда давлат органлари ва фуқароларнинг ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш, кўрсатилаётган хизматларнинг қулайлик даражаси ва сифатини ошириш имконини берувчи “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги технологиялар ва рақамли воситалар ҳукумат билан ўзаро ҳамкорлик жараёнларини сезиларли даражада соддалаштиради, давлат секторида шаффофлик ва ҳисобдорликни яхшиламоқда ва миллий иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшиб келмоқда.

Ҳозирга келиб, “Электрон ҳукумат”нинг Ягона идентификация тизими (id.egov.uz) такомиллаштирилиб, фойдаланувчилар сони 7 млн.дан зиёдни ташкил этиб, мазкур тизим орқали фуқаролар давлат идораларининг 245 дан зиёд ахборот ресурсидан фойдаланиш имконияти яратилди.  

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП, my.gov.uz) 400 дан ортиқ давлат хизматидан инсон омилисиз электрон тарзда фойдаланиш имконияти яратилди ва электрон хизматларга бўлган талаб 10 баробарга ошди (937 мингдан 9,5 млн тага етди). Ягона портал орқали 2020 йилда 9,8 миллионта хизмат кўрсатилган.  

Бугунги кунда мазкур порталда рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар сони 3,6 миллиондан ортган. Шунингдек, фойдаланувчилар томонидан портал хизматларидан йил бошидан жами 7,9 млн. маротаба фойдаланилган (ўтган йил шу даврига нисбатан ўсиш 145 фоиз).  

Шу билан бирга, Ягона порталнинг мобил иловасида 168 та (ўсиш 160%) электрон давлат хизматлари аҳоли ва юридик шахсларга тақдим этилмоқда.  

Аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатишда қулайликлар яратиш мақсадида ҳудудларда 1 минг 38 та почта алоқаси объектларида ЯИДХП платформасидан фойдаланган ҳолда 62 турдаги давлат хизматларини тақдим этиш йўлга қўйилган. 

Электрон ҳукуматнинг Идоралараро интеграцион платформаси такомиллаштирилиб, 2022 йил давомида давлат органларининг 120 дан ортиқ ахборот тизимлари ўртасида 1 500 миллиондан ортиқ ахборот алмашинуви амалга оширилди, бу эса фақатгина қоғоз харажатлари учун ойига 8,3 млрд сўм, йилига эса 100 млрд сўм маблағ тежаб қолинишига эришилмоқда.  

Шу билан бирга, 2023 йил I чораги давомида Электрон ҳукуматнинг идоралараро интеграцион платформаси орқали 595 млн. дан ортиқ ахборот алмашинуви амалга оширилди. Жорий йил якунига қадар мазкур кўрсаткични 2 000 млн. маротаба етказиш орқали қоғоз харажатлари учун йилига 140 млрд. сўмни тежашга эришилади.  

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг маълумотларини тижорат ташкилотларига тақдим этиш Рақамли маълумотлар платформаси орқали йўлга қўйилган бўлиб, унга уланган хизматлар сони 64 тани, қабул қилувчи ташкилотлар сони эса 33 тани ташкил этмоқда. Платформа орқали амалга оширилаётган кунлик сўровлар сони 32,8 мингга, чораклик кўрсаткич эса 2,9 млн га етган.  

Бундан ташқари, Электрон ҳукуматнинг маълумотномалар ва классификаторлар регистри (cs.egov.uz)га бугунги кунга келиб 16 та ташкилот томонидан 49 та классификатор киритилган.  

Ахборот тизимлари ва ресурсларининг ягона реестри ахборот тизими (reestr.uz) ишга туширилиб, 157 та давлат органларининг 730 та ахборот тизимилари ва ресурслари рўйхатга олинди.  

Электрон ҳужжат алмашинувини кўзда тутувчи “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими ишлаб чиқилиб, бугунги кунда 19 минг 575 та вазирлик, идоралар ва уларнинг тизим ташкилотларнинг 83,8 мингдан ортиқ фойдаланувчилари уланган бўлиб, тизим орқали 3 минг 631 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларидан келиб чиқадиган 107 250 мингдан ортиқ топшириқларнинг марказлашган мониторинги олиб борилмоқда.  

Шунингдек Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг 70% га «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимининг такомиллаштирилган талқини «edo.ijro.uz» электрон ҳужжат айланиш модули ўрнатилди.  

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, уларнинг ходимлари ўртасида хизмат ёзишмаларини ҳимояланган тарзда амалга ошириш учун HUMO миллий мессенжери жорий қилинди ва бугунги кунда 52 минг 917 та фойдаланувчи мавжуд.  

Давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари учун маъмурий тартиб-таомилларни оптималлаштириш ва бошқарув жараёнини автоматлаштириш – “Digital office” электрон тизими ишлаб чиқилиб, тажриба синов тарзида жорий этилди.  

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими (e-qaror.gov.uz) тизими орқали бугунги кунда умумий 387 минг 299 та ҳужжатлар расмийлаштирилди. Хусусан: 215 минг 133 та ҳоким қарорлари, 92 минг 437 та фармойишлари ва 79 минг 729 та кенгаш қарорлари имзоланган.  

Эришилган натижалар Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшиланмоқда. Хусусан, Электрон ҳукумат рейтингида (E-Government Development Index – EGDI) мамлакатимиз 193 та давлат орасида 2020 йилда 87-ўринни эгаллаган бўлса, ўтган йилда 18 поғонага юқорилаб, 69-ўринга кўтарилди.  

«Open data Inception»нинг Очиқ маълумотлар манбалари ва улар сони бўйича 201 та мамлакат орасида Ўзбекистон 4-ўринни эгаллади. Бу саъй-ҳаракатларни янада ривожлантириш мақсадида энг замонавий типдаги маълумотларни сақлаш маркази ташкил этилди.  

“Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Электрон ҳукумат фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган давлат хизматларини автоматлаштириш ва такомиллаштириш учун ахборот-коммуникация технологияларидан (АКТ) фойдаланишни назарда тутади.  

Бироқ, мамлакатимизда “Электрон ҳукумат”ни ривожлантириш ҳали ҳам такомиллаштиришни талаб қилади. Электрон хизматлар фойдаланувчилари дуч келадиган баъзи муаммолар орасида қулай интерфейснинг йўқлиги, электрон идентификация қилиш имкониятларининг чекланганлиги ва энг юқори талаб даврида серверларга юқори юкланиш киради.  

Мамлакатимизда “Электрон ҳукумат”ни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун ахборот тизимлари ва АКТ инфратузилмасини модернизация қилиш, дастурий таъминотни янгилаш ва янги электрон хизматларни ишлаб чиқиш зарур. Шунингдек, барча тоифадаги фуқаролар, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун электрон хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш зарур.  

Бундан ташқари, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш электрон идентификациялаш ва ахборот алмашишнинг марказлаштирилган тизимини таъминлаш учун турли давлат органлари ва идоралари ўртасидаги ҳамкорликни тақозо этади.  

Умуман олганда, мамлакатимизда “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш, давлат аппарати фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, фуқаролар ҳаётини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга. Бироқ, бу потенциални рўёбга чиқариш АКТ ва тегишли ислоҳотларни давом эттиришни талаб қилади.  

Шерали Отабоев тайёрлади,
ЎзА