Хабар берганимиздек, “ICTWEEK UZBEKISTAN – 2024” Ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан «Рақамли ҳукумат: истиқболли режалар ва тўсиқлар» мавзусида форум бўлиб ўтди.
Форумнинг асосий мақсади Ўзбекистонда рақамли ҳукуматни ривожлантиришдаги долзарб муаммо ва тўсиқларни аниқлаш, мавжуд имкониятлар ва истиқболли режаларни белгилаб олиш орқали фуқароларнинг давлат хизматларидан янада тезкор, қулай ва хавфсиз фойдаланишини таъминлаш, давлат хизматларини бунданда самарали, шаффоф ва ишончли тарзда тақдим этишга эришишдан иборатдир.

Тадбирда иштирок этган рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Ўзбекистон электрон ҳукумат рейтингида 6 поғонага юқорилаб, индекснинг жуда баланд гуруҳига қўшилганини таъкидлаб, ушбу йўналишда тизимли ишлар давом эттирилишини қўшимча қилди.
Форумда давлат ташкилотларининг раҳбар ходимлари ва рақамлаштиришдаги масъул вакиллар ҳамда фуқаролик жамияти фаоллари иштирок этиб, рақамли ҳукумат соҳасидаги энг долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.


Н.Раҳмонова, ЎзА