Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электрон ҳисобварақ-фактура тизимининг афзал жиҳатини биласизми?
16:29 / 2020-11-17

Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларига электрон ҳисобварақ-фактура тизимидан фойдаланишнинг афзалликлари ҳамда ундан фойдаланиш даражасини ошириш борасида олиб борилган тадбирлар ўз натижасини бермоқда.

Хусусан, вилоят бўйича жами 47 минг 559 та корхонанинг мазкур тизимга ўтиши режалаштирилган бўлса, айни пайтда 31 минг 686 та субъект мазкур тизимдан фойдаланаётгани, шундан 8 минг 843 таси қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланади.

Олмалиқ шаҳрида ўтказилган “Электрон ҳисобварақ-фактура тизими яширин иқтисодиётнинг олдини олади” мавзусидаги ўқув семинари ҳам ҳудудларда ЭҲФ тизимидан фойдаланиш даражасини ошириш мақсадида ташкил этилди. Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги малака ошириш маркази, вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ҳамкорликда ташкил этилган семинарда соҳа мутахассислари, тадбиркорлик субъектлари ва корхоналар ҳисобчилари иштирок этди.

Қайд этилганидек, ЭҲФни амалиётга жорий қилиниши натижасида бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишининг олди олиниб, тизим солиқ ҳисоботлари тайёрлаш жараёнини соддалаштиради.

– Электрон ҳисобварақ-фактура тизимининг афзалликлари кўп, айниқса, тадбиркорлар учун жуда қулай, – дейди Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги малака ошириш маркази катта ўқитувчиси Расулбек Саъдуллаев. – Бизнеснинг олтин қоидаси бу ортиқча вақт йўқотмаслик. Шуни ҳисобга олсак, ЭҲФ тадбиркорни ортиқча қоғоз ишларидан халос қилади ва вақт ҳамда бошқа харажатларини тежашига имкон беради. Шунингдек, мазкур тизимдан фойдаланиш жуда осон бўлиб, ташкилот бухгалтериясида ҳеч қандай қийинчилик бўлмайди. Бундан ташқари, ушбу тизим бухгалтерия ҳисоблашидаги хатоликларнинг олдини олиб, ҳисоботлар юборилишини автоматлаштиради.

Тадбир иштирокчиларни мавзу бўйича саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар олди.

–Тадбиркорларни қийнайдиган бухгалтерия йўналишини осонлаштириш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Олмалиқ шаҳридаги “ТAFARRUR SERVIS” масъулияти чекланган жамияти ҳисобчиси Нилуфар Олматова. – Ҳисобварақ-фактураларининг электрон тизимидан фойдаланганимизда вақтимиз тежала бошлади. Харажатимиз камайиб, тўловлар янада тезлашади Энг муҳими, ҳисоботларимиз автоматлашган тарзда юритиляпти.

А.Мусаев, ЎзА