Нукусда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Статистика бошқармаси ҳамкорлигида “Электрон ҳисоботларни топширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари хабардорлигини ошириш йўллари” мавзусида семинар тренинг ўтказилди.
Унда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Семинар давомида таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикасида бугунги кунда 650 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти турли соҳаларда ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2018 йил 13 апрелдаги қарорига асосан, нодавлат нотижорат ташкилотлари электрон шаклда электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда Адлия вазирлиги, Давлат солиқ бошқармаси ҳамда Статистика бошқармаларига йиллик ҳисоботларини топширишлари белгиланган. Тадбирда мамлакатимизда электрон ҳисоботларни топширишнинг йўллари, уни тўғри топшириш қоидалари ва ҳисоботларни топшириш муддатлари ҳақида маълумот берилди.

Ҳозирги кунда электрон ҳисобот топшириш аввалгидан анча осонлашган ва вақтни, шунингдек, сарфланадиган ресурсларни тежайди. Биламизки, илгари ҳисобот топшириш қоғозда амалга оширилар, уни тўлдириб чиқиш ва тегишли органларнинг уни текшириб чиқиши кўп вақт талаб этарди. Адлия вазирлигининг e-ngo.uz платформаси орқали нодавлат нотижорат ташкилотлари нафақат йиллик ҳисобот топширади, балки бошқа масалалардаги фаолиятлари бўйича ҳам маълумотлар бериб боради.
Тадбир давомида жорий йилнинг январь Адлия органларига ҳисобот топшириш ойи, феврал эса Статистика бошқармаларига ҳисобот топшириш ойи эканлиги инобатга олиниб, барча нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисоботларни тўғри ва ўз вақтида топшириши лозимлиги таъкидланди. Шу билан бирга, ҳисоботларни ўз вақтида топширмаслик тегишли тартибда жарималар солинишига сабаб бўлиши тегишли мутахассислар томонидан таъкидланди.
Шундан сўнг, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тегишли жавоб олишди.
Семинар-тренинг давомида, шунингдек, иштирокчиларга “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий йўналишлари ва устувор вазифалари бўйича батафсил тушунчалар берилди. Жумладан, Стратегияда белгиланган фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, ижтимоий шериклик механизмларини такомиллаштириш, очиқликни таъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, давлат хизматларини рақамлаштириш, электрон ҳисобот тизимларини жорий этиш орқали нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида ҳисобдорлик ва тизимли иш юритишни таъминлаш, маълумотларни ўз вақтида ва сифатли тақдим этишнинг аҳамияти кенг ёритиб берилди.
Шу билан бирга, Стратегияда белгиланган ижтимоий соҳа, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга қаратилган вазифаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг амалий иштироки муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири