Сирдарё вилоят адлия бошқармасида “Фуқаролик жамияти институтларининг адлия, солиқ ва статистика органларига тақдим этадиган ҳисоботларида электрон платформалар имкониятлари” мавзусида муҳокама бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят адлия бошқармаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг вилоят бўлинмаси, ННТлар миллий ассоциацияси ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирок этишди.

Учрашув аввалида “Ўзбекистон–2030” стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти атрофлича таҳлил қилинди. Мазкур тадбирда мамлакатни узоқ муддатли ривожлантиришга қаратилган устувор йўналишлар, ислоҳотларнинг изчил давом эттирилиши, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлиги ва адолат принципларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот жараёнида Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Шерали Мамадецоев тадбирнинг аҳамиятига тўхталиб, рақамли технологияларни фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига кенг жорий этиш бугунги кунда зарур эканини таъкидлади.

– Бугун фуқаролик жамияти институтларининг барқарор ва самарали фаолият юритиши, энг аввало, уларнинг очиқлиги ва ҳисобдорлиги билан бевосита боғлиқ. Электрон платформалар орқали ҳисобот топшириш тизими нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларни қисқартириб, вақт ҳамда молиявий ресурсларни тежаш имконини беради. Энг муҳими, мазкур тизим давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликда шаффофликни таъминлаб, ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги, замонавий босқичга олиб чиқади. Бу эса “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган очиқ, ҳисобдор ва инсон манфаатларига хизмат қилувчи давлат бошқарувини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир, – деди у.

Учрашув давомида e-ngo.uz, my.soliq.uz ҳамда давлат статистика органларининг электрон ахборот тизимлари орқали ҳисобот топшириш тартиби, электрон рақамли имзодан фойдаланиш имкониятлари, ҳисобот юкини камайтириш, давлат органлари ўртасида маълумот алмашинувини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан маърузалар қилинди.

Иштирокчилар электрон платформалардан фойдаланишдаги айрим муаммоларни муҳокама қилиб, уларни бартараф этиш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар, мутахассислар эса саволларга батафсил жавоб беришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири