Божхона органлари томонидан яширин иқтисодиётга қарши курашиш, товар-моддий бойликларни юртимиз ҳудудига ноқонуний кириб келишини олдини олиш борасида кескин кураш олиб борилмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Тошкент-товар” божхона постида навбатдаги ҳуқуқбузарлик ҳолати фош этилди.
Унга кўра, хориждан 2 та юк автотранспорт воситасида келтирилган, қиймати 50 минг АҚШ долларлик ҳужжатларга кўра, 75 дона уч ғилдиракли электровелосипедлар уларга тегишли юк ҳужжатлари билан ўзаро солиштирилган ҳолда белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.
Кўрик давомида транспорт воситаларида уч ғилдиракли электровелосипедлар умуман йўқлиги, уларнинг ўрнига йиғилмаган ҳолатдаги уч ғилдиракли юк электромотоцикллари ортилганлиги маълум бўлди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, транспорт воситаларига ортилган мазкур уч ғилдиракли юк электромотоциклларнинг тахминий қиймати 1 миллиард 350 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Ҳозирда товарлар вақтинча сақловга олиниб, ҳолат юзасидан текширув ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати