“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Самарқанд ҳудудий филиали махсус полигонида туркий тилли давлатларнинг тақсимлаш тармоқлари электромонтёрлари ўртасида халқаро касб маҳорати мусобақаси бошланди.
Мусобақада Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Татаристон республикалари жамоалари ҳамда кузатувчи мақомида Туркия ва Тожикистон давлатлари вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги масъуллари, хорижлик жамоалар етакчилари сўзга чиқиб, мусобақанинг аҳамиятига тўхталиб, иштирокчиларга омад тилади.
– Жамоалар техник тайёргарлик, жароҳатланган ходимга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда электр қурилмасида юзага келган ёнғинларни бартараф этиш каби йўналишлар бўйича беш вазифани бажариши белгиланган, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси бўлими бошлиғи, мусобақа ҳаками Шерзод Сафаров. – Яъни 10 кВ таянчда жароҳатланган шахсни электр токи таъсиридан озод қилиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, трансформатор пунктларида, жумладан, КТПс-10/0,4 кВ.да ёнғинни ўчириш, икки трансформаторли ТП (ГКТП)нинг куч трансформатори ва 0,4 кВ. тақсимлаш қурилмасини таъмирлашга чиқариш каби шартларда иштирокчиларнинг касб маҳоратлари синовдан ўтказилади.
Тадбир доирасида иштирокчилар самарқандлик ҳамкасблари фаолияти билан яқиндан танишиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш имкониятига ҳам эга бўлади.
[gallery-25573]
– Мусобақанинг Самарқанддек тарихий шаҳарда ўтаётганлиги бизга манзур бўлмоқда, – дейди Чимкент шаҳри электр тармоқлари бош муҳандиси, Қозоғистон жамоаси масъули Серик Турғунбоев. – Жамоамиз яхши тайёргарлик кўриб келган ва баҳсларда ўз маҳоратимизни намойиш этиб, юқори натижага эришамиз. Ушбу мусобақа халқаро тажриба асосида ходимлар касбий маҳоратини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари