Апрель ойида Ўзбекистон автомобиль бозорида, айниқса, енгил автомобиллар сегментида фаоллик даври бўлди. Электромобиллар секторидаги пасайишга қарамасдан, умумий бозор кучли ўсиш ва барқарорликни кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жорий йилнинг апрель ойи учун автомобиль бозори таҳлили натижаларини тақдим этди.
Фаолликнинг икки ойлик пасайишидан сўнг Ўзбекистон автомобиль бозори ижобий динамикани кўрсатди. Апрель ойида савдо ҳажми ўтган ойга нисбатан 17 фоизга ошиб, деярли 90 минг донани ташкил этди.
Апрель ойида енгил автомобиллар савдоси 20 фоизга ўсиб, 77 мингтадан ошди.
Ҳудудлар кесимида Сирдарё вилоятида – 34 фоизга, Тошкент шаҳрида – 32 фоизга ва Қорақалпоғистон Республикасида – 29 фоизга савдо ҳажми сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Енгил автомобилларнинг бирламчи бозорида сотувлар ўтган ойга нисбатан 15 фоизга ошиб, 26 мингта автомобилни ташкил этди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар сотуви 20,5 мингтани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 4 фоизга ўсди.
Янги хорижий енгил автомобиллар сегменти ижобий динамикани намойиш этишда давом этмоқда, сотувлар икки баравар ўсди ва умумий савдо ҳажми ойига 5,3 минг донани ташкил этди.
2025 йилнинг март ойида сотувлар ҳажми 2 фоизга қисқарган фойдаланилган енгил автомобиллар бозоридаги фаолликнинг бироз секинлашувидан сўнг, бозор апрель ойида кучли тикланишни кўрсатди. Савдолар 22 фоизга ошиб, сотилган автомобиллар сони 52 минг донага етди.
Апрель ойида электромобиллар сотуви бироз пасайганига қарамай, ўтган ойга нисбатан 10 фоизга - йиллик ҳисобда автомобил бозорининг ушбу сегменти барқарор ўсишни кўрсатмоқда.
Шундай қилиб, 2024 йилнинг апрелига нисбатан электромобиллар савдоси 37 фоизга ошган.
ЎзА