Шу йилнинг январь ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган янги енгил автомобиллар савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоизга ошиб, 28,6 минг донани ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида энг юқори фаоллик Бухоро, Қашқадарё, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида қайд этилди.
Шу билан бирга, ўтган йилга нисбатан янги енгил автомобиллар сотуви Самарқанд ва Хоразм вилоятларида, шунингдек Тошкент шаҳрида камайди.
Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг жорий йил январь ойи якунлари бўйича Ўзбекистон бирламчи автомобиль бозорининг динамикаси ва ҳудудий тузилмасига оид янгиланган таҳлилида қайд этилди. Таҳлил бозор сегментларидаги ўзгаришларни, жумладан, электромобиллар бозоридаги тенденцияларни ҳам қамраб олади.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегментида сотувлар ўтган йил январь ойига нисбатан 11 фоиздан ортиқ ўсиб, 24 минг дондан зиёдни ташкил этди.
Айни пайтда хорижий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар реализацияси қарийб 4,4 минг донани ташкил этиб, ўтган йил январь ойига нисбатан 10 фоизга камайди.
Январь ойида электромобиллар савдоси 9 фоизга ошиб, 6,1 минг донани ташкил этди.
Ҳудудий кесимда январь ойидаги сотувларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда 3,7 мингта электромобиль сотилиб, жами ҳажмнинг 62 фоиздан ортиғини ташкил этди.
Кейинги ўринларда Самарқанд (3,5 баробар), Наманган (2,4 баробар), Сурхондарё (5 баробар) ҳамда Хоразм (3 баробар) вилоятлари қайд этилди.
Шу билан бирга, электромобилларнинг бирламчи бозори рекорд даражада 45,3 фоизга ўсиб, 4,7 мингта электромобилни ташкил этди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади,
ЎзА