French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электромобиль таксиларга қатор имтиёзлар берилади
12:43 / 2025-12-29

Президентимизнинг парламент ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида 6 та устувор йўналишда муҳим вазифалар белгилаб берилди. Шу жумладан, энг долзарб масалага айланиб бораётган экологияга оид мақсад-вазифалар, экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бешинчи устувор йўналиш сифатида қайд этилди.

Дарҳақиқат, бугун экология соҳасида бир қатор муаммолар бўй кўрсатиб, кескинлашиб бораётгани ушбу масалага давлат сиёсати даражасидаги эътиборни янада кучайтирмоқда. Мазкур йўналишда бир қатор ҳаётий лойиҳалар амалга оширилаётгани, экологик муаммоларни юмшатиш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш чоралари кўрилаётгани эътиборга молик. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар келгуси ва ундан кейинги йилларда янада жадал тус олади.  

Пойтахтимиз ва ҳудудларда ўтказилаётган экологик рейдларда маълум бўляптики, кўпгина ишлаб чиқариш корхоналарида, иссиқхоналарда фильтр ва тозалаш ускуналари мавжуд эмас ёки талабга жавоб бермайди.  

Бу борада Мурожаатномада қайд этилгандек, йирик корхоналарга фильтр, тозалаш иншооти ва ҳавога чиқариладиган зарарли моддаларни мониторинг қилиш станцияси ўрнатиш учун биринчи босқичда 100 миллион долларлик кредит линияси очилади. Бу эса мониторинг натижаларидан келиб чиққан ҳолда зарур чораларни кўриш имкониятини яратади.  

Давлат раҳбари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 2 мингга яқин кўмир ва газда иситиладиган иссиқхонадан ҳавога йилига 137 минг тонна зарарли модда чиқиши айтиб ўтилди. Энди кўмирда фильтрсиз ишлайдиган қозонхоналардан воз кечилиши, уларни пойтахт атрофидан кўчириб, ҳамма жойда марказлашган қозонхоналар орқали иситиш йўлга қўйилиши таъкидланди. Шу мақсадда 200 гектардан кам бўлмаган агрокластерлар ташкил этилиб, уларнинг таркибига ўтадиган иссиқхоналарга алоҳида субсидия берилиши маълум қилинди.

Шунингдек, Мурожаатномада шаҳарлардаги тирбандликлар оқибатида экологияга ҳам жиддий зарар етаётганига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бу йўналишда автомобиллар учун экологик стикерлар тизими жорий этилиши, катта миқдорда зарарли моддалар чиқарадиган автомашиналарнинг пойтахт ва вилоят марказлари ҳамда шаҳарларга киришига чеклов ўрнатилиши, бундай транспорт воситаларини янгисига алмаштириш ёки уларга фильтр ўрнатиш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилиши маълум қилинди. Шу билан бирга, эски машинасини алмаштирмоқчи бўлган фуқароларга автокредит фоизининг бир қисми қоплаб бериладиган бўлди.

Экологик автомобилларни кўпайтириш мақсадида маҳаллий электромобиллар учун 12 фоизли, хорижий электромобиллар учун эса 16 фоизли автокредитлар ажратилиши маълум қилинди. Электромобилда такси хизмати кўрсатадиган фуқароларга эса бир қатор имтиёзлар берилиши айтиб ўтилди. Таъкидлаш керакки, ушбу чоралар атмосфера ҳавоси таркибидаги зарарли моддалар улушини камайтириш, аҳоли саломатлигини асрашда муҳим аҳамият касб этади.  

Шунингдек, Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон”, Сирдарёда 84 километрли “яшил девор” барпо этилиши, Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро ва Навоийда жами 250 минг гектар, жумладан, Оролнинг қуриган тубида 115 минг гектар ерда дарахт ва буталар экилиши белгилаб берилгани чанг-тўзонларнинг олдини олиш, атмосферага зарарли моддалар кўтарилишини бартараф этиш, иқлим муаммоларини юмшатишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, ҳар бир ҳудудда ботаника ва дендрология боғлари ҳамда 20 тадан соя-салқин сайр кўчалари барпо қилиниши режалаштирилмоқда. Экология соҳасидаги амалий ишларни молиялаштириш учун янги 2026 йилда жами 1 триллион 900 миллиард сўм йўналтирилади.  

Бир сўз билан айтганда, Мурожаатномада ҳаётимиз, саломатлигимиз билан чамбарчас боғлиқ бўлган экология соҳасида илгари сурилган барча ташаббус барқарор ва экологик хавфсиз келажагимизни яратишда долзарб аҳамиятга эга ҳисобланади. Бу мақсад-вазифаларнинг ҳаётийлигини таъминлаш эса ҳар биримизнинг экологик маданият ва масъулиятимизга боғлиқдир.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА