Мамлакатимизда экологик ҳолатни барқарорлаштириш мақсадида қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай чора-тадбирлардан бири сифатида Ўзбекистонда “яшил транспорт”ни ривожлантириш ва электромобиль эгаларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги чоралар кучга кирмоқда.
Давлат дастурига мувофиқ, 2026 йилда электромобилда такси хизмати кўрсатувчилар учун қатор имтиёзлар жорий этилади.
1 мартдан бошлаб электромобилда такси қилувчиларга бир қанча имтиёзлар берилади. Жумладан, ижтимоий солиқдан 10 фоизгача чегирма, давлат ташкилотлари автотураргоҳларида (хусусан, аэропорт ва вокзалларда) 30 дақиқагача бепул туриш, шунингдек, қоидабузарлик ва ЙТҲсиз 1 миллион км. хизмат кўрсатганларга “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони берилиши кўзда тутилган.
Режага кўра, 2026 йил якунига қадар 300 минг нафар электромобиль таксичи фаолият юритиши ва атмосфера ифлосланиши 7 фоизга камайиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, электромобиль ёки гибрид автомашинага эга бўлган фуқаролар ўз-ўзини банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган ёки тадбиркор сифатида такси хизмати кўрсатаётган бўлса, — my.gov.uz орқали исталган вақтда онлайн ариза юборишлари ва лицензияни расмийлаштиришлари мумкин.
Шербек Исломов ЎзА