Кеча, 17 январь куни Энергетика вазирлиги тизимидаги корхоналар томонидан 255,1 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган.
Истеъмолчиларга 243,6 миллион киловатт соат электр энергияси етказиб берилган. Табиий газ истеъмоли 161,6 миллион метр кубни ташкил этган. Шунингдек, табиий газ, автобензин ва дизель ёнилғиси белгиланган режа асосида йўналтирилган.
Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев бу ҳақда маълумот берди.
Унда айтиб ўтилганидек, вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ҳам ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик режими асосида ишлаяпти.
–Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 10 та, газ таъминотида юзага келган 3 та носозлик бартараф қилинди. Электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 186 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди. Табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 217 та мурожаат бўйича ҳам тезкор чора-тадбирлар олиб борилди. Айтиш лозимки, истеъмолчиларимиз иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишлари, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишлари сўралади. Шу билан бирга, юртдошларимизни энергия манбаларидан самарали фойдаланишга, уларни исроф қилмасликка чақирамиз. Биламизки, энергия ресурслари чек-чегарасиз ва туганмас эмас. Бугун биз ёқаётган табиий газ, биз ишлатаётган электр энергияси, биз истеъмол қилаётган ичимлик сувида фарзандларимизнинг, келажак авлоднинг ҳам ҳаққи бор. Шундай экан, барчамиз бугун бизга сувтекин бўлиб кўринаётган, аслида эса энг қимматли ва энг қадрли бўлган ушбу ресурсларни тежаб-тергаб, иқтисод қилиб фойдаланишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир, – деди Ҳ.Тошхўжаев.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА