Бугунги кунда энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва электр тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, юқори кучланишли подстанцияларда ўтказилаётган профилактик ва техник янгиланишлар электр таъминотининг узлуксизлигини ошириш, хавфсизлик ва ишончлиликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ахборот хизматининг хабар беришича, айни кунларда бу борадаги ишлар тизимли олиб бориляпти.
Хусусан, “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиали тасарруфидаги 220/110/35/10/6 кВ кучланишли “Қўйлиқ” подстанциясида 83-сонли топшириқнома асосида муҳим техник ишлар бажарилди. Унга кўра, L-F-Ku 220 кВ тақсимловчи қурилма линиясида юқори частотали тўсқич алмаштирилди, шунингдек, L-Yu-R 110 кВ линияси 6 кВ ҳимоя тизими қурилмасига уланди. Бу ишлар электр ускуналарининг барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлаш, авариялар эҳтимолини камайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, объект ҳудуди эстетик кўриниши яхшиланди.
Худди шу каби Наманган вилоятидаги “Наманган магистрал электр тармоқлари” филиалида ҳам электр таъминотининг ишончлилигини ошириш мақсадида профилактик ишлар амалга оширилди. Подстанцияларнинг эстетик ҳолати янгиланди, диспетчерлик атамалари замонавийлаштирилди ва кабель каналлари таъмирланди. Бу янгиланишлар техник ҳолатни мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва электр энергиясини барқарор етказиб беришда муҳим ўрин тутади.
–Бу амалга оширилаётган янгиланишлар электр тармоқларининг ишончлилигини оширишга хизмат қилади. Ускуналарни янгилаш ва ҳимоя тизимларини такомиллаштириш натижасида биз авария ҳолатлари эҳтимолини камайтириб, подстанцияларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаяпмиз. Энг муҳими, бундай ишлар аҳоли ва корхоналарга етказиладиган электр энергиясининг сифатини яхшилаб, бутун тармоқнинг барқарор фаолият юритишига мустаҳкам асос яратади, – деди жамият ахборот хизмати раҳбари У.Урунов.
Аҳамиятлиси, айни кунларда Тошкент ва Наманганда амалга оширилган ишлар мамлакат электр тармоқлари инфратузилмасини ривожлантириш, хавфсиз ва узлуксиз таъминотни таъминлаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижасини намоён этмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА