Электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш натижасида тизимга 311 миллион сўмлик зарар етказилди
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда жойларда ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида Қашқадарё вилояти Ғузор туманида жойлашган “Баҳора Ойбек қизи” фермер хўжалигида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди.
Ушбу фермер хўжалигининг электр қурилмалари электр тармоғига ўзбошимчалик билан улангани маълум бўлди. Натижада истеъмолчига 692 минг кВт соат ҳисобга олинмаган электр энергияси бўйича 311 миллион сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилди.
Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 3 минг 400дан зиёд хонадоннинг бир ойлик истеъмолини ташкил қилади.
Қоидабузарга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
ЎзА