Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электр таъминотида узилишлар бўлмайди
10:06 / 2020-11-26

Навоий вилоятида жорий йилда 260 минг 941 та юридик ва аҳоли истеъмолчиларига электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланган ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари якунига етказилади.

Президентимизнинг 2018 йил 23 oктябрдaги “Элeктр энeргeтикaси тaрмoғини жaдaл ривoжлaнтириш вa мoлиявий бaрқaрoрлигини тaъминлaш чoрa-тaдбирлaри тўғрисидa”ги қaрoри бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунгача вилоятда 140 минтага яқин ҳисоблагичлар янгисига алмаштирилган. Бу ҳақда Навоий шаҳридаги “Coworking” марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ва “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ўтказилган матбуот анжуманида корхонанинг иқтисод ва молиявий масалалар бўйича директори Бобир Исломов маълум қилди.

Бугунги кунда жамият ҳаётини электр энергиясиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларида электр энергиясига талаб тобора ортиб бормоқда. Шу боис, "Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" акциядорлик жамияти томонидан санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда истеъмолчиларга сифатли ва узлуксиз электр энергияси етказиб беришга ҳаракат қилинмоқда.

Корхона томонидан жорий йилда 3 минг 665 километр ҳаво электр узатиш тармоқлари, 55 дона подстанция ҳамда 946 та трансформатор пунктлари жорий ва мукаммал таъмирланди. 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумида  аҳоли истеъмолчиларини электр энергия билан таъминлашда узилишларнинг олдини олиш мақсадида корхонада 25 дона ҳар хил қувватли трансформатор пунктлари ва 10 тонна трансформатор мойи захираси яратилган. Бундан ташқари, вилоят ҳудудидаги 1190,2 километр узунликдаги 0,4-10-35 кВ. кучланишли электр узатиш тармоқлари тегиб турган дарахт шохларидан тозаланмоқда. Аварияларни зудлик билан баратараф этиш учун 42 та бригада тузилган.

2017-2019 йиллар давомида Нурота туманидаги 110/10 кВли Азизобод подстанциясидаги Т-1 2500 кВА трансформатор захирада бўлган 6300 кВА трансформаторга, 35/10 кВли Ёмбош подстанциясидаги 1600 кВАли трансформатор 2500 кВАли трансформаторга, Ғозғон шаҳарчасидаги 35/10 кВли "Ғозғон" подстанциясидаги 2500 кВА ва 4000 кВАли бўлган трансформаторлар 2 та 6300 кВАли трансформаторларга алмаштирилди.

Учқудуқ туманидаги 35/10 кВли Акбайтал подстанциясининг кучли қум бўрони оқибатида қум остига қолиб кетган қисми қумдан тозаланиб юқорига кўтарилди ва ортиқча йўқотишларни камайтириш мақсадида 2500 кВАли ўрнига 1000 кВАли, Навбаҳор туманидаги 110/35/10 кВли “Янги Қўрғон” подстанциясидан чиқувчи 110 кВли Нурота ва Маликчўл ҳаво электр узатиш тармоқларининг мойли ўчиргичлари ўрнига замонавий элегазли ўчиргичлар ўрнатилди. Қизилтепа туманида жойлашган 110/35/10 кВли "Зарметан" подстанциясининг 10 кВли тарқатиш қурилмаси замонавийсига алмаштирилди.

Матбуот анжуманида журналистларнинг электр тармоқларидаги тез-тез узилишлар, узилишлар ҳақида истеъмолчиларни олиндан хабардор қилиш, уларга етказилган зарарни қоплаш, эскирган симёғочлар ўрнига янгиларни ўрнатиш юзасидан берган саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.

[gallery-160]

Абдували БЎРИЕВ,  Сирож АСЛОНОВ (фото), ЎзА