Куни кеча парламент қуйи палатасида бўлиб ўтган парламент эшитувида энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудовнинг ахбороти эшитилар экан, депутатлар соҳага оид бир қатор саволларни ўртага ташлади.
Сайёра Имомова:
— Ўтган йили ҳукуматнинг тегишли қарори билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд қисмига энергия таъминотида имтиёзлар бериш, иситиш мавсумида компенсация тақдим қилиш чоралари кўзда тутилган эди. Бу борада вазирлик томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Ж.Мирзамаҳмудов, энергетика вазири:
— Эҳтиёжманд оилаларни қўллаш бўйича ўтган йили жорий қилинган ушбу механизм ўз самарасини беряпти. Бу маблағларни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тақсимлайди. Шуни айтиш керакки, реестрда белгиланган даражагача энергия истеъмол қиладиган ёки эҳтиёжи бўлган оилалар биз кутгандан ҳам камроқ чиқди.
Ҳозирда 200 та маҳалланинг 14 тасида пилот лойиҳалар бўйича амалий ишлар бошланди. Маҳаллалар ҳудудида 200-300 киловатлик кичик қуёш станцияларини қуриб, биринчи ўринда эҳтиёжманд оилалар вакиллари ишга қабул қилинади. Уларда ишлаб чиқарилган электр энергияси эса эҳтиёжманд оилалар эҳтиёжини қоплашга йўналтирилади. Ундан ортганини Ҳудудий электр тармоқлари сотиб олади ва ортиқча маблағ маҳалла жамғармасига ўтказилиб, ўша ҳудуднинг ўзига ишлатилади. Ҳозир 14 та лойиҳа бўйича ишлаяпмиз, 2 таси ишга тушди, — деди энергетика вазири.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА