Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электр таъминоти корхонаси манфаатларига 804,1 миллион сўм зарар етказилган
16:54 / 2021-11-02

Электр таъминоти корхонаси манфаатларига 804,1 миллион сўм зарар етказилганлиги фош этилди, дея хабар қилмоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.

Бугунги кунда электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ва бошқа суиистеъмол ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Департамент томонидан ўтказилаётган текширувларда қоида бузилиш ҳолатлари аниқланмоқда.  

 Хусусан, Департаментнинг Янгиҳаёт тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Сувсозабонентхизмати” УК масъул шахслари электр таъминоти корхонаси билан шартнома тузмасдан тумандаги кўп қаватли турар жой мажмуасига ичимлик суви етказиб берувчи станцияга қуввати 22 кВт бўлган 6 дона сув насосини ноқонуний улаб, электр энергиясидан фойдаланилганлиги натижасида ҳудудий электр таъминоти корхонаси манфаатларига 804,1 миллион сўм зарар етказилганлиги аниқланган.  

 Худди шундай, Департаментнинг Сирдарё тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Сирдарё насос станциялари ва энергетика бошқармасига қарашли насос станциясида умумий қуввати 220 кВт бўлган сув насосидан фойдаланишда электр ҳисоблагич пломбасига қасддан шикаст етказилиб, электр энергиясидан фойдаланиб келганлиги оқибатида ҳудудий электр таъминоти корхонаси манфаатларига 247,1 миллион сўм зарар етказилганлиги аниқланган.  

 Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.  

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА