Электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар кунда кунора юз бериб туради. Табиат ҳодисалари, баъзан эҳтиётсизлик оқибатида электр линияларида авариялар келиб чиқади. Шундай пайтда биринчи навбатда ҳудуддаги электр таъминоти корхонасининг авария хизматига боғланамиз.
Кечикса, норози ҳам бўламиз. Албатта уларнинг тезда етиб келиши ва муаммони бартараф этиши авария хизматлари учун ажратилган махсус техникаларнинг техник созлиги ва сифатига ҳам боғлиқ.
Гап шундаки, шу кунга қадар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қашқадарё ҳудудий филиалига қарашли 20 та махсус хизмат машиналари авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш учун ажратилганди ва уларнинг кўпчилиги маънан эскирганди. Соҳа масъулларининг маълумотига кўра, охирги марта 2012 йилда тизимга бир нечта янги хизмат машиналари олиб берилган. Қолганлари бундан ҳам эски. Бу эса кейинги пайтларда ноқулайлик туғдира бошлаганди.
Наврўз байрами арафасида вилоятдаги электр таъминоти корхоналари учун 20 дона хизмат автомашиналари тантанали топширилди ва эскилари алмаштириб берилди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов ҳам қатнашди ва соҳа фидойиларини байрам билан қутлади.
Таъкидлаш лозимки, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ вилоят ҳудудий филиали томонидан келиб чиқиши мумкин бўлган электр узилишлари, авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш мақсадида 54 та тезкор чиқиш бригадалари тузилган. Гуруҳлар навбатчилик асосида 24 соат режимда фаолият олиб боради.
[gallery-22434]
Вилоятда тезкор хизмат фаолиятини такомиллаштириш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан 20 дона махсус жиҳозланган “Дамас” русумли хизмат машиналари олиб берилди.
Автомашиналар тақсимоти бўйича 3 та Қарши шаҳар электр таъминотига ва 16 та туман-шаҳар электр таъминоти корхоналари учун бир донадан берилди. Қолган битта машина эса кўчма мини электр станция сифатида фойдаланилади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари