Электр таъминоти корхонаси 18 миллион сўмдан зиёд зарар кўрган
Мажбурий ижро бюроси Денов тумани бўлими ходимлари “Хайробод ичимлик суви” масъулияти чекланган жамияти электр энергиясидан ғайриқонуний фойдаланиб, аҳолини сув билан таъминлаётганини фош этди.
Мажбурий ижро бюроси Денов тумани бўлими ходимлари “Хайробод ичимлик суви” масъулияти чекланган жамияти электр энергиясидан ғайриқонуний фойдаланиб, аҳолини сув билан таъминлаётганини фош этди.
Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Чоргул, Дунё тепа, Боғи эрам маҳаллаларида ўрнатилган сув насосларининг электр тармоқларига уланганлик ҳолати кўздан кечирилганда корхонага тегишли 9 та сув насоси электр ҳисоблагичдан ташқари тармоққа ўзбошимчалик билан улаб олингани аниқланди.
Масъулияти чекланган жамиятнинг бу қилмиши тегишли мутахассислар томонидан ҳисоблаб чиқилганида электр таъминоти корхонаси манфаатларига 18 миллион 403 минг сўм зарар етказилгани маълум бўлди, дейди Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси катта инспектори Қ.Турсунов. Мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар тегишли чора кўриш учун судга тақдим этилди.
Вилоятда табиий газ ва электр тармоқларига ноқонуний уланиш ва улардан белгиланган меъёрий тартиб-қоидаларга зид фойдаланишнинг олдини олиш юзасидан назорат тадбирлари давом этмоқда.