English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электр станцияларини куз-қиш мавсумига тайёргарлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда
20:11 / 2024-05-13

Иссиқлик электр станциялари ва марказларида 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик  ишлари тизимли амалга оширилмоқда.  Хусусан, 53 та объектда,  шу жумладан, 14 та энергоблок, 28 та қозон қурилмаси, 7 та буғ-газ қурилмаси, 3 та газ-турбина қурилмаси ва 1 та турбогенераторда мукаммал, ўрта ва жорий таъмирлаш ишларини бажариш режалаштирилган.

Ушбу жараёнда “Ўзбекэнерготаъмир” акциядорлик жамияти  жамоаси таъмирлаш ишларида фаол иштирок этмоқда. Улар таъмир ишларининг сифатли бўлиши учун ҳар бир ишга катта масъулият билан ёндашмоқда. Асосий мақсад таъмир ишларини сифатли ва ўз муддатида бажариш ва аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда иқтисодиёт тармоқларини барқарор электр энергияси билан таъминлашдир. 

Таъмирлаш ишлари жорий йилнинг февраль ойидан бошланган эди. Бугунги кунгача 1 та энергоблок, 2 та буғ-газ қурилмаси, 3 та қозон агрегатида таъмирлаш ишлари якунланди. Айни кунларда 1 та буғ-газ қурилмаси, 5 та энергоблок ва 14 та қозон агрегатларида таъмир ишлари амалга оширилмоқда. 

Режалаштирилган таъмир ишлари тўлиқ амалга оширилиши эвазига энергоқурилмаларнинг мавжуд қуввати 281 МВт ҳамда қозон қурилмаларининг ишлаб чиқариш қуввати 150 тонна/соатга оширилишига эришилади. Айни пайтгача Толимаржон ИЭС ва Тўрақўрғон ИЭСда  йирик буғ-газ қурилмалари мавсумга шай ҳолатга келтирилди. Бу ерда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ мутахассислари Япониянинг “Mitsubishi” компанияси муҳандислари билан биргаликда иш олиб борди.

Иссиқлик электр станциялари тизимида анъанавий энергоблоклар таъмирига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, улар қиш мавсумида кузатиладиган совуқ об-ҳаво шароитида электр энергияси ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин эгаллайди.  Жумладан, Тошкент ИЭС мисолида олиб қарайдиган бўлсак, куни кеча корхонанинг 12-сонли анъанавий энергоблокида таъмирлаш ишлари якунига етказилди. 

“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ 200 га яқин мутахассислари иштирок этган ушбу жараёнда энергоблокнинг турбина ва қозон қурилмалари, трансформатор ва бошқа ёрдамчи ускуналарда таъмирлаш ва созлаш ишлари бажарилди. Натижада энергоблокнинг ишлаб чиқариш қуввати 120 МВт дан 155 МВт гача оширилган бўлса, қозон агрегатининг буғ ишлаб чиқариш кўрсаткичи 448 тонна/соатдан 528 тонна/соатгача оширилишига эришилди. Натижада қозоннинг фойдали иш коэффициенти 88,68 фоиздан 90,44 фоизга ошди. Бунда асосий ёқилғи ҳисобланган табиий газ сарфини 140 миллион м3 миқдорида иқтисод қилиш таъминланади. 

Н. Зиёдуллаева, ЎзА