Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электр станциялар фаолияти ўрганилди
10:21 / 2025-06-02

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари 2025 йилга мўлжалланган давлат дастурида белгиланган экологик вазифаларнинг бажарилиши ҳамда ҳудудда экологик барқарорликка эришиш мақсадида Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида жойлашган “Enersok” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюришди.

Ташриф чоғида корхона негизида барпо этилаётган 1573 МВт қувватга эга “Sirdary-2 CCGT” буғ-газ электр станцияси қурилиши лойиҳаси билан ҳам танишилди. Кейин Ширин шаҳри ва Боёвут туманидаги қиймати 1,1 миллиард АҚШ долларига тенг ва қуввати 1500 МВт бўлган замонавий иссиқлик электр станцияси фаолияти таҳлил қилинди. Лойиҳа Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан амалга оширилган бўлиб, ҳозирда станция тўлиқ қувват билан ишламоқда.

Мазкур лойиҳалар нафақат Сирдарё вилояти, балки бутун мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Электр станцияси саноат корхоналари ва аҳоли учун барқарор ва ишончли энергия манбаи бўлиб хизмат қилади, бу эса ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва инвестицияларни жалб қилишга имкон беради.

Станция энг илғор технологиялар асосида қурилган бўлиб, халқаро экологик стандартларга тўлиқ мос келади. Чиқиндиларнинг камлиги ва ҳавога чиқариладиган зарарли моддаларнинг чекланганлиги туфайли у мамлакатдаги экологик жиҳатдан тоза иссиқлик электр станцияларидан бири ҳисобланади. Ишчи гуруҳ станция атрофида “яшил белбоғ”лар ташкил этиш ва экологик мониторингни кучайтириш бўйича тавсиялар берди.

Лойиҳа доирасида кадрлар тайёрлаш тизими ҳам такомиллаштирилмоқда. Ширин энергетика коллежида “ACWA Power” компанияси буюртмаси асосида махсус дастурлар орқали малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Математика, физика, кимё, информатика ва инглиз тили фанлари халқаро стандартларга мувофиқ ўқитилмоқда. Компаниянинг 2,8 миллион долларлик ҳомийлиги ҳисобига замонавий лабораториялар, устахоналар ва ётоқхона барпо этилган.

Ишчи гуруҳ ўрганишлар  жараёнида соҳа ходимларига  мавжуд электр энергия ишлаб чиқариш корхоналарининг атроф-муҳитга таъсирини минималлаштириш ва экологик хавфсизликни таъминлаш чораларини янада кучайтириш муҳимлигини таъкидлади ҳамда масъулларга тегишли тавсиялар берди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири