Жорий йилнинг 25 январь куни республикамиз ҳудудида электр таъминотида юзага келган узилишлар сабабли Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси томонидан барча ҳудудларда тунги вақтда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, қўриқдаги объектлар ҳамда фуқароларимиз мол-мулки ишончли ҳимоясини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди.
Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси бўлинмалари республикамиз ҳудудларида кучайтирилган хизмат тартибига ўтказилди ва жойларда қўшимча равишда Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳлар ҳамда пиёда патруллик йўналишлари ташкил этилди.

Бу ҳақда Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Натижада 25 январь куни тунги соат 20:10 лар атрофида Тошкент вилояти Янгийўл тумани қўриқлаш бўлими ходимлари йўналиш бўйлаб хизмат олиб бораётган вақтида номаълум шахс Янгийўл тумани Самарқанд кўчасида жойлашган “Давр банк” Олмазор филиалига қарашли банкоматни очишга уринаётганлиги аниқлашди ва тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ чақиртирилди.
Ходимлар томонидан кўрилган тезкор чора-тадбир натижасида номаълум шахс воқеа жойида ушланиб, ўрнатилган тартибда Янгийўл тумани ИИО ФМБга топширилган.
Дастлабки суриштирув ишлари натижасида ушбу шахс Янгийўл туманида туғилган 22 ёшли фуқаро И.Д. экани аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Янгийўл тумани ИИО ФМБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
ЎзА