Электр иситиш қурилмасида жиддий камчиликлар аниқланди
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Навоий вилояти бўлими томонидан Навоий шаҳрида жойлашган савдо шохобчаларидан бирида “Lider” русумли электр иситиш воситаси бўйича назорат хариди ўтказилди.
Ўтказилган лаборатория таҳлиллари натижасида мазкур маҳсулот амалдаги стандарт талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди.
Хусусан, қурилмада қуйидаги камчиликлар аниқланди:
-истеъмол қувватида ишлайдиган ТЭНларни совитишга мўлжалланган вентиляторнинг носозлиги;
-ишлаш ҳароратида сизиб чиқиш токи кўрсаткичларининг меъёр талабларига мос келмаслиги;
электр кабелининг қизиб кетиши оқибатида ёнғин келиб чиқиши хавфининг мавжудлиги.
Мазкур ҳолат фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи учун жиддий хавф туғдириши мумкинлиги боис, маҳсулот юзасидан қонунчиликда белгиланган тегишли чоралар кўрилмоқда.
Ҳамроз Баянов,
ЎзА