Сирдарё вилоятида электр энергетикаси соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистон–2030 стратегиясида белгиланган устувор вазифалар билан уйғун ҳолда давом этмоқда.
Аҳолини барқарор ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз фаолиятини қўллаб-қувватлаш мазкур стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали томонидан 2025 йил давомида вилоятда электр инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, 370 километр янги электр узатиш тармоқлари қурилиб, 104 та трансформатор пункти ишга туширилди. Бу, айниқса, аҳоли сони ўсиб бораётган маҳаллалар ҳамда ишлаб чиқариш ҳудудларида электр таъминоти барқарорлигини таъминлашга хизмат қилди.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида минг километрдан ортиқ электр тармоқлари ҳамда юзлаб трансформатор пунктларида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада 70 та маҳалладаги 8 мингдан зиёд хонадонда электр таъминоти сифати яхшиланиб, мавсумий узилишларнинг олди олинди.

– Давлат сиёсатида белгиланган энергетика соҳасини рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш вазифалари доирасида Гулистон ва Янгиер шаҳарларидаги йирик подстанциялар модернизация қилиниб, юқори қувватли куч трансформаторлари ҳамда автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ўрнатилди, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали капитал қурилиш масалалари бўйича директор ўринбосари Акмал Ҳайдаров. – Бу орқали ўн минглаб аҳоли хонадонлари ва тадбиркорлик субъектларининг барқарор электр таъминоти таъминланди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда яшил иқтисодиётга ўтиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш сиёсати доирасида Сирдарё вилоятида қуёш энергетикаси лойиҳалари изчил амалга оширилмоқда. 2025 йил якунига кўра, вилоятда ўрнатилган қуёш панеллари қуввати 60 МВтдан ошди. Бу нафақат электр тармоқларига тушаётган юкламани камайтирмоқда, балки энергия тежамкорлигини ошириш орқали экологик барқарорликка ҳам ҳисса қўшмоқда.

– Энг асосийси, амалга оширилган ишлар натижасида аҳоли ва тадбиркорлардан келиб тушаётган мурожаатлар сони сезиларли даражада қисқарди, – дейди Акмал Ҳайдаров.
Ғулом Примов, ЎзА