Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди. Жумладан, ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан "Ўзэнергоинспекция"нинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённома расмийлаштириш ваколати аниқ белгиланмоқда. Ички ишлар органлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига эса ёритиш учун электр энергиясидан беҳуда хўжасизларча фойдаланиш ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий баённома расмийлаштириш ваколатини бериш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, электр энергияси, газ ва сув тармоқларига қонунга хилоф равишда уланиб, уларни ўғирлаганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Муҳокамаларда фракция аъзолари айрим жарималарни ошириш билан боғлиқ нормаларга эътироз билдирдилар. Баҳс-мунозаралардан сўнг лойиҳа нисбатан кўпчилик овоз билан маъқулланди.
Йиғилишда пиротехника буюмларининг муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мулкини ҳимоя қилиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан хавфлиликнинг II – V классларига тегишли пиротехника буюмларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида маиший мақсадлардаги муомаласи тўлиқ тақиқланиши таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, пиротехника буюмларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун санкция оширилмоқда. Яъни, жарима миқдори 1,8 миллиондан 7,5 миллионга оширилмоқда.

Муҳокамалар давомида депутат А.Темиров фойдаланиш учун санкция кескин оширилишига эътироз билдирди. Унинг фикрича, олиб кириш ва ишлаб чиқариш ҳажми қисқарса, ўз-ўзидан фойдаланиш ҳам камаяди.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши пиротехника буюмлари муомаласи соҳасида давлат назорати ва таъсир чораларининг самарадорлигини оширишга, ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ундан жабрланиш ҳолатларини бартараф этишга хизмат қилишини таъкидладилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА