Сайхунобод туманидаги “Янгиобод” насос станциясида Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан ўтказилган семинарда вилоятдаги насос станциялари бошлиқлари ва энергетика бошқармаси ходимлари иштирок этди. Ушбу станция 4 та агрегат ёрдамида салкам 6 минг гектар экин майдонига обиҳаёт етказиб беради.
Мазкур станциядаги агрегатлар таъмирталаб бўлиб, бу ерга энерготежамкор ускуналар ўрнатилиши лозим. Ҳозирда тумандаги “Политех-Сирдарё” кластери томонидан насос станциясини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Семинарда насос станцияларига энергия тежамкор қурилмаларни ўрнатиш, агрегатларни техник соз ҳолда сақлаш, техника хавфсизлигига қатъий риоя қилиш, ободонлаштириш ишларини ташкил қилиш ва ёрдамчи хўжаликларнинг аҳамияти ҳақида сўз борди. Бугунги кунда 22 та насос станциялар давлат-хусусий шериклик асосида фермер хўжаликлари ва кластерларга берилмоқда.
Бошқарма тасарруфидаги 45 дона насос станцияда жами 121 та агрегат мавжуд бўлиб, ушбу насос станцияларнинг 24 таси суғориш, 21 таси ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун хизмат қилмоқда.
– Вилоятдаги давлат насос станцияларига энергия тежамкор ускуналар ўрнатиш режалаштирилган, – дейди Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Давронжон Абдуллаев. – 22 та насос станцияларини 3 чорак якунига қадар агрокластерларга ДХШ шартлари асосида топшириш ишлари амалга оширилмоқда.
Режадаги ишларни амалга ошириш орқали жорий йил якунига 10-12 фоиз электр энергияси тежалишига эришилади. Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан электр энергияни тежаш мақсадида янги 5 дона электр двигател, 3 дона насос қурилмаси, 4 дона қуёш батареялари ва 1 дона қуёш сув иситгич панеллари ўрнатилиши белгиланган.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА.