"Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамиятининг 2022 йилдаги фаолияти якунлари бўйича Жамоатчилик кенгаши йиғилиши ва ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда"Иссиқлик электр станциялари" акциядорлик жамияти ва унинг тизим корхоналари томонидан электр энергиясини ишлаб чиқариш борасида ўтган йил кўсаткичлари таҳлил этилди.
Жамиятнинг генерация бош бошқармаси бош мутахассиси Темур Аббасовнинг маълумот беришича, 2022 йилда ишлаб чиқарилган электр ва иссиқлик энергияси ҳажми 17,9 триллион сўмни ташкил этиб, режа кўрсаткичи 103,8 фоизни ташкил қилган. Бунда ўтган йил натижаларига кўра, 55,5 миллиард киловатт соат электр энергияси ва 5,35 миллион Гкалл иссиқлик энергияси ишлаб чақарилиб ягона энерготизимга узатилган.
- Тармоқни молиявий соғломлаштириш, операцион самарадорликни ошириш, бошқарув тизимини жаҳонда тан олинган тамойиллар асосида ташкил этиш мақсадида “McKinsey&Company”, KPMG ва Deloitte каби халқаро консалтинг компаниялари жалб қилинди ҳамда ўрганишлар натижасида бир қатор ташаббуслар ва ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилди.
Шунга кўра, истеъмолчиларга барқарор энергия ресурсларини етказиб бериш, электр ва иссиқлик энергияси нархининг ошишига йўл қўймаслик учун ёқилғи сарфини камайтириш, операцион самарадорликни таъминлаш, юқори ривожланган ҳамда энергосамарадор технологияларни жорий этиш натижасида 2022 йилда ишлаб чиқарилган маҳсулот таннархи 1,36 триллион сўмга пасайтирилди. Белгиланган режа 118,3 фоизга бажарилди.
Инвестиция дастурига асосан 6 та лойиҳа доирасида 256,3 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиб, белгиланган йиллик режа 111,9 фоизни ташкил этди, -деди Т.Аббосов.
Тадбирда ўтган йил сарҳисоби баробарида жорий йилдаги ишларга ҳам урғу берилди.
Жамиятнинг халқаро алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бош мутахассиси Акмал Ҳамроев айтиб ўтганидек,
Тошкент иссиқлик электр марказида умумий қиймати 109,243 миллион АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳаси доирасида 2024 йилга қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган ҳар бирининг қуввати 32 мегваттли иккита газ турбинаси қурилмасини бунёд этиш ишлари давом эттирилмоқда.
- Шунингдек, Туркиянинг “Çalik Enerji” компанияси пудратчилиги асосида амалга оширилаётган лойиҳа 2024 йилнинг биринчи чорагига қадар ишга туширилиши белгиланган. Айни пайтда қурилиш майдончасида жами 116 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Ҳозирда операторлик биносининг иккинчи қаватида қурилиш–монтаж ишларининг охирги босқичи якунланмоқда. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида, марказ томонидан йилига қўшимча 515,6 миллион кВт•соат электр ва 690,3 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади, бунда юқоритежамкор замонавий технологиялар эвазига йилига 219 минг метр куб табиий газ иқтисод қилинади. Атроф муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларнинг 200,5 тоннага камайишига эришилади. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда. Корхонада шунингдек, Президентимиз томонидан муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, ўз эҳтиёжи учун зарур бўладиган электр энергиясини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан қоплаш бўйича берган қатор топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, марказда қуввати 505,6 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилмоқда. Айни кунларда қуёш панелларини тўлиқ ўрнатиш ва монтаж жараёни якунланиб, ишга туширилиши бўйича синов-созлаш ишлари бошлаб юборилган. Мазкур станция фойдаланишга топширилгач, йилига 1 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида йилига 100 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинишига эришилади,- деди А.Ҳамроев.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА