Энергетика вазирлиги ахборот хизматига кўра, жорий йилнинг январь — июль ойлари давомида 4 минг 986 нафар жисмоний шахс ўз хонадонидаги қуёш панеллари орқали электр энергияси ишлаб чиқариб, истеъмолдан ортган 4 миллион 815 минг 922 киловатт соатлик қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотган.
Ҳар бир киловатт соат электр энергияси 1000 сўмдан сотиб олинадиган ушбу ҳажм жами 4 миллиард 815 миллион 922 минг сўмни ташкил қилган. Ушбу тегишли сумма Давлат солиқ қўмитасининг солиқ мобил иловаси орқали юқоридаги фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилган.
Биргина июль ойида қуёш панели ўрнатиб, ундан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг истеъмолдан ортган қисмини давлатга сотган 3 минг 759 та хонадон эгаларига 1 миллиард 399 миллион 564 минг сўм тўлаб берилган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур субсидия маблағлари солиқ органлари томонидан ҳар ойда солиқ мобил иловаси орқали ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25 санасига қадар (июль ойининг субсидияси 25 августгача) фуқароларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА