Йилдан-йилга аҳоли сонининг ортиши, турар жойлар ва ижтимоий объектларнинг кўпайиши энергетика соҳасини ислоҳ қилиб боришни тақозо этади.
Бу борада 2020 йил 14 июнь куни «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 июль куни «Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2020-2022 йилларда иқтисодиёт тармоқларининг 25 та йирик энергия сарфловчи корхоналарида 3,3 миллиард кВт. соат электр энергияси, 2,6 миллиард куб метр табиий газ ва 16,5 минг тонна нефть маҳсулотларини тежаш бўйича чораклар кесимида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

2020-2021 йилларда иқтисодиёт тармоқларида 2,4 миллиард кВт. соат электр энергияси, 1,7 миллиард куб метр табиий газ ва 11,3 минг тонна нефть маҳсулотларини тежаш белгиланган бўлса, амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли 2,6 миллиард кВт. соат электр энергияси, 2,9 миллиард куб метр табиий газ ва 17,8 минг тонна нефть маҳсулотлари тежалишига эришилди.
Ушбу рақамлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган эшитувда айтиб ўтилди. Унда энергетика вазири ўринбосари Ш.Хожаев «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг жойлардаги ижроси ҳамда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастурининг 164-банди ижроси юзасидан ахборот берди.
— Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги «2022–2026 йилларда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда 1 164,9 км. тақсимловчи электр узатиш тармоқлари, 395 та трансформатор пунктларини қуриш ва янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Йил якунига қадар эса 2 792,5 км. тақсимловчи электр узатиш тармоқлари ва 1 минг 110 та трансформатор пунктлари янгиланади. Шунингдек, тақсимловчи электр тармоқларида технологик йўқотишларни 50 фоизгача 4 миллиард кВт/соатга камайтириш учун Қибрай туманида синов тариқасида лойиҳа ишга туширилган.
Ушбу лойиҳа доирасида тумандаги «Истиқлол» МФЙда синов тариқасида тақсимловчи электр тармоғида қуввати 400 кВА бўлган трансформатор пунктини 7 та трансформатор пунктларига алмаштириш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилиб, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» давлат унитар корхонасининг Тошкент вилояти филиали томонидан ижобий хулоса олинган. Шунингдек, қурилиши режалаштирилган трансформатор пунктлари объект ҳудудига олиб келиниб, 150 та таянчдан 50 таси ўрнатилган. Лойиҳа жорий йилнинг 20 августига қадар ишга туширилади, — деди вазир ўринбосари.

Ахборотда келтирилганидек, республикамизнинг магистраль электр тармоқларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш доирасида 101,4 км. узунликдаги электр узатиш тармоқлари қурилиб, 318 та таянчдан 190 таси ўрнатилди. Жиззах вилоятида 220 кВли «ДНС» подстанциясида иккита 125 МВАлик автотрансформатори ҳамда Гўзал ПС ОТҚ-220 кВда иккита ячейкага кенгайтирилди.
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар соҳадаги амалий ишлар билан бирга, мавжуд муаммолар ҳам борлигига эътибор қаратди.
М.Комилова, ЎзА