Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электр энергиясидан 10 миллиард сўмдан зиёд ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган
10:46 / 2022-12-20

Аввал хабар қилганимиздек, Президентимизнинг жорий йил 12 декабрдаги қарорига асосан энергия ресурсларидан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари бўйича текширишга рухсат берилди.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция”, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари жойларда электр энергиясидан фойдаланишда назорат тадбирлари ўтказмоқда.  

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, декабрь ойининг 18 кунида ўтказилган назорат тадбирлари давомида ҳудудларда 471 та истеъмолчи томонидан 21,4 миллион киловатт соат миқдордаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.  

Бу ҳолат ҳисоб-китоб қилинганда, энергетика тизимига жами 10 миллиард сўмдан зиёд зарар келтирилган. Бу ҳажмдаги электр энергияси эса ўртача 71 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолидир.  

–Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги “Магистрал тармоқ қурилиш” МЧЖда 226,1 миллион сўм, Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги “Согда қурилиш” МЧЖнинг тош ва шағал майдалаш цехида 133,6 миллион сўм, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги  “Чорсу” савдо комплексида 100,7 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган. Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, уларнинг электр ускуналари тармоқдан ажратилди, –деди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати етакчи мутахассиси Обиджон Дилмуродов.  

 

ЎзА