Бугунги кунда “Навоий ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан 240 минг 283 жисмоний ва 14 минг 734 юридик истеъмолчига хизмат кўрсатиб келинмоқда. Корхона тасарруфида 13 минг 412 км 0,4-110 кВли электр узатиш тармоқлари, 95 дона нимстанциялар, 3 минг 621 дона 6-10/0,4 кВли трансформатор пункти мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида ўзаро ҳисоб-китобларни янада такомиллаштириш ва молиявий барқарорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан “Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими” (АСКУЭ) ни 2020-2021 йиллар давомида жорий этиш юзасидан тасдиқланган режага асосан вилоят бўйича 260 минг 941 дона ҳисоблагич алмаштирилди.
Бундан ташқари 3073 та ҳисоблагичга маълумотларни йиғиш ва узатиш концентраторлари ўрнатилди. Бугунги кунда ушбу тизим орқали барча электр ҳисоблагичлар кўрсатгичлари онлайн тарзда олиниб, ҳисоб-китоблар шу маълумотларга асосан юритилмоқда.
Ундан ноқонуний фойдаланиш ёки ташқи тaъсир ўткaзиш мумкин эмас. Агарда шундай ҳoлaтлaр юзaгa келсa, ҳисоблагич дaрҳoл электр энергияси таъминотини тўхтатади вa тизимгa xaбaр жўнaтади. Электр тармоғи корхонаси ходими муаммони жойида ўрганиб, тегишли далолатнома тузади ва камчиликларни бартараф этиб, қайта тармоққа улаб беради.
Ушбу тизимнинг қулайлиги шундаки, электр энeргиясидан қарздорлик юзага келганда, тизим автоматик равишда тармоқдан узилади. Истеъмолчи томонидан куннинг исталган вақтида тўлов амалга оширилганда автоматик тарзда тармоққа қайта уланади.
– Бугунги кунда электр таъминотидаги ўзгаришлар юзасидан берилаётган таклифлардан бири бу “табақалаштирилган нархлар” масаласидир, – дейди акциядорлик жамиятининг Иқтисод ва молия масалалари бўйича директори Мирзоҳид Зарипов. – Бу аслида халқаро тажриба. Таҳлилларга кўра, вилоятимизда айни вақтда хонадонларда бир кунлик ўртача электр энергияси истеъмоли 100-110 кВт.ни ташкил этмоқда. Табақалаштириладиган нарх тизими жорий этилса, қарийб 63 фоиз истеъмолчи билан аввалги одатий нархда ҳисоб-китоб қилинаверади. Кунлик электр энергияси истеъмоли 200 кВт.гача бўлган 25 фоиз, 400 кВт.гача бўлган 8,9 фоиз ва бундан юқори бўлган 3,1 фоиз абонент табақалаштирилган нархда тўловларни тўлаши зарур бўлади.
Бундан ташқари истеъмол талаби нисбатан паст бўлган тунги вақтларда фойдаланилган электр нархларининг ҳам кам бўлиши, аксинча ҳолатда эса юқори бўлиши каби таклифлар ҳам бор. Албатта, бу келгусида электр энергиясидан самарали фойдаланишга олиб келади.
Жорий йилда Манзилли дастурга асосан 424,6 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари, 102 дона трансформатор пункти ва 2 дона нимстанцияда янгидан қуриш ва реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб бориш режалаштирилган. Айни пайтда эса 187,5 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари, 44 дона трансформатор пункти янгидан қурилди ва реконструкция қилиниб, 14 милиард 320 миллион сўм маблағ сарфланди.
Сўнгги йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қишлоқ ва маҳаллалардаги йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 18 мартдаги “2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, вилоятда 364,4 км электр тармоқлари, 169 дона трансформаторни янгидан қуриш ва реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, Кармана туманининг “Дўстлик” маҳалласи ва Қизилтепа туманининг “Маликобод” маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” уй-жой массивларида қуриладиган 2140 хонадонли 107 та кўп қаватли турар-жой бинолари ташқи электр таъминоти учун 23,5 км 10 кВли электр тармоқлари ўтказилади.
– Вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида 0,4-10 кВли электр узатиш тармоқлари ва трансформаторлар пунктларини янгилаш, реконструкция, модернизация қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳа смета ҳужжатлари тўлиқ тайёрланди ва экспертиза хулосалари олинди, – дейди акциядорлик жамиятининг Ишлаб чиқариш-техника бўлими бошлиғи Ҳусниддин Хўжаев. – Ҳозирги кунгача 116,3 км электр узатиш тармоқлари, 42 дона трансформатор пункти янгидан қурилди ва реконструкция қилинди. Қурилаётган “Янги Ўзбекистон” уй-жой массивларини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 10 кВли электр узатиш тармоқлари учун Кармана туманининг “Дўстлик” маҳалласида 51 дона, Қизилтепа туманининг “Маликобод” маҳалласида 118 дона темир-бетон таянчларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА