Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат билан 2022 йилги “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди. Унга мувофиқ, Ўзбекистонда энергия ресурслари ва табиий газ бозорлари ижтимоий ҳимоя кафолатларини белгилаган ҳолда эркинлаштирилади. Бу ҳақда ЎзА мухбирига Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати мутахассиси Обиджон Дилмуродов интервью берди.
– Ушбу дастурда мамлакатимиз энергетика соҳасини янада такомиллаштиришда муҳим вазифаларни белгиланган. Мазкур ҳужжатга асосан 2022 йил давомида энергетика соҳасига бозор механизмларини олиб киришнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Дастурда энергетика соҳасига хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш ва эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормаларини киритиш кўзда тутилган. Бу борада жорий йилнинг апрель ойига қадар Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Қарор лойиҳаси энергетика соҳасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, барча иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратиш ва нархларни шакллантиришнинг шаффоф механизмларини жорий қилишга қаратилади.
Электр энергияси таъминотида монополия бекор қилинади ва соҳага ижтимоий ҳимоя кафолатлари белгиланган ҳолда бозор механизмлари жорий этилади. Бунда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг электр энергиясини “ягона харид қилувчи” функциясини магистрал электр тармоқларини эксплуатация қилиш функциясидан ажратиш орқали ягона харид қилувчи функциясини бажарувчи алоҳида акциядорлик жамияти ташкил этилади.
Шунингдек, тизимдаги ташкилотлар – “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга хусусий операторларни жалб қилиш бўйича асосий талаблар белгиланади. “Ўзбекгидроэнерго” АЖ кичик ва ўрта инвестиция лойиҳаларига хусусий инвесторларни жалб этади.
Мазкур талаблар асосида электр энергияси ва табиий газнинг рақобатли бозорини тартибга солувчи мустақил орган – регулятор, ягона харид қилувчи функциясини бажарувчи корхона ҳамда миллий диспетчерлик маркази ташкил этилади. Давлат дастурига биноан халқаро тажрибани ўрганган ҳолда 2022 йил апрелга қадар эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун энергия ресурслари бўйича ижтимоий истеъмол нормаларини киритиш борасида ҳукуматга таклифлар киритилади.
Ўз навбатида, жорий йилда бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиши ҳам кўзда тутилган. Янги таҳрирдаги “Электр энергетикаси тўғрисида”ги ва “Табиий газ тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Магистрал электр тармоқлари кодексини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланиши шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, Тақсимлаш тармоқлари қоидалари кодекси тақсимловчи тармоқларни эксплуатация қилиш, истеъмолчиларни тармоққа улаш, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашни назарда тутган ҳолда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ўзида мужассам этади. Электр энергетикаси бозор иштирокчилари фаолиятини тартибга солишни назарда тутувчи “Бозор қонун-қоидалари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси ҳам шу йилнинг октябргача тайёрланади, – деди О. Дилмуродов.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.