French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электр энергияси таъминотида узилишлар бўлмайдими?
12:43 / 2024-10-15

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали томонидан бугунги кунда вилоятдаги мавжуд 138 дона подстанция, 19 минг 124 километр ҳаво электр узатиш тармоқлари, 224 дона катта кучланишдаги, 8 минг 273 дона паст кучланишдаги трансформатор пунктлари орқали 707 минг 765 та истеъмолчига белгиланган тартибда электр энергияси етказиб берилмоқда. Истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларнинг сифатини янада яхшилаш, қолаверса, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.

– Асосий мақсадимиз истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Сардорбек Юсупов. – Бу борада мавжуд муаммолар бартараф этилмоқда, юзага келиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври давомида вилоятда 2 минг 171 километр электр узатиш тармоғи, 828 та трансформатор пункти мукаммал, 4 минг 126 километр тармоқ ва 1 минг 592 та трансформатор пункти жорий таъмирланди  

Умуман, куз-қиш мавсумида электр таъминотида узилишлар бўлишига йўл қўймаслик учун зарур чоралар кўрилмоқда.  

[gallery-19747]

Жорий йилда ҳудудларда меъёридан ортиқ юклама билан ишлаётган 110/35/10 кВ кучланишли 10 та кичик кучланишдаги трансформаторлар ўрнига Хитой давлатидан катта – 40 МВА кучланишли трансформаторлар олиб келиниб, ўрнатилмоқда. Хусусан, бугунги кунга қадар Избоскан туманидаги “Пахтакop” подстанциясига 2 та, Пахтаобод туманидаги “Қўқонқишлоқ” подстанциясига 2 тa, Балиқчи туманидаги “Балиқчи” подстанцияларига 2 тa, Хўжаобод туманидаги “Завроқ” подстанциясига 2 тa, Андижон шаҳардаги “Машиносоз” подстанциясига 2 тa 40 МВА кучланишдаги трансформаторлар олиб келинди.  

Ана шу юқори кучланишли трансформаторлардан чиқаётган токни тўғри тақсимлаш, ортиқча юкламаларнинг олдини олиш учун 35 та подстанциянинг юкламалари меъёрлаштирилди.  

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 январдаги “Андижон вилояти истеъмолчиларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Андижон вилоятининг Бўстон ва Улуғнор туманлари истеъмолчиларини электр таъминотини яхшилаш мақсадида ушбу туманлар учун 110 кВ кучланишли 35,2 километр узунликдаги электр узатиш тармоғини тортиш, қуввати 2х40 МВА бўлган , 2 та подстанция қуриш белгиланган.

Бугунги кунда янги подстанцияларни қуриш борасидаги ишлар белгиланган режа асосида олиб борилмоқда. Хусусан, Xian Electric Engineering Co. Ltd корхонаси подстанцияларни қуриш бўйича бош лойиҳачи ва пудрат ташкилоти этиб белгиланган.

Бўстон туманининг Ўзбекистон, Улуғнор туманининг Оқ олтин массивларида янги қуриладиган подстанциялар учун 1 гектардан ер майдонлари ажратилган. Айни кунларда трансформаторларни ўрнатиш учун ер қатламини мустаҳкамлаш, бетон қуйиш, атрофини девор билан ўраш, модуль бинолар ўрнатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.  

Филиал томонидан куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, турли носозликлар юзага келган тақдирда уларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида зарур жиҳоз ва материаллар захираси яратилди. Хусусан, марказий омбор ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда хар хил қувватдаги трансформаторлар, шунингдек, трансформатор мойи, очиқ сим, кабель, темир-бетон устунлар, кабель муфта, изоляторлар, автомат сингари бошқа зарур жиҳозлар захира сифатида олиб қўйилди.  

Вилоят бўйича юзага келадиган авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш мақсадида ташкил этилган гуруҳларга тажрибали муҳандис ва техник ходимлар бириктирилди. Улар махсус воситалар, иссиқ кийимлар билан таъминланди. Шунингдек, автотранспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилиб, куз-қиш мавсуми даврида барқарор ишлашга тайёрланиб, улар учун зарур эҳтиёт қисмлар захираси яратилди.  

Айни кунларда вилоятда куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасидаги ишлар якунига етказилмоқда.    

Ф.  Убайдуллаев,  

З. Умрзоқов (фото),

ЎзА мухбирлари