Мамлакатимизда истеъмолчиларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Аҳоли хонадонлари, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасида “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Андижон ҳудудий филиали, унинг қуйи тизимлари – туман, шаҳар электр таъминоти корхоналари томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, вилоятда электр таъминотини яхшилаш бўйича жорий йилнинг ўтган даврида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.
– Жорий йилнинг ўтган етти ой давомида вилоят бўйича жами 1 минг 630 дона темир-бетон устунлар ўрнатилди, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Андижон ҳудудий филиали раҳбари Хуршидбек Юлдашев. – Қарийб 260 километр узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари янгиланди. Шунингдек, 107 та трансформатор пунктида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди. Мазкур ишларни амалга ошириш учун 23,1 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Бундан ташқари, 110-35 кВ кучланишли электр узатиш тармоғи, 10-0,4 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш линиялари, 5 та трансформатор ҳамда ва 789 дона трансформатор пунктида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди.
[gallery-13161]
Электр энергияси таъминотини яхшилашга қаратилган юқоридаги каби ишлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида белгиланган режа асосида амалга оширилди.
Масалан, Марҳамат туманидаги Шаҳристон, маҳалласида 2,7 километр, Увайсий маҳалласида 1,7 километр янги линиялар тортилди. Шунингдек, Чилон, Бирлик маҳаллаларида ҳам янги линиялар тортилиб, 136 та темир-бетон устунлар ўрнатилди. Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши ижроси доирасида туманнинг Дукчи эшон маҳалласи Довон кўчасига 1 дона қуввати 160 кВА бўлган трансформатор пункти ҳамда 26 дона темир-бетон устунлар ўрнатилди.
Олтинкўл туманининг Катта Оқтепа маҳалласида эса белгиланган манзилли дастур доирасида реконструкция ва модернизация ишлари олиб борилди. Маҳалладаги 200 га яқин хонадонда электр энергияси таъминоти сифатини яхшилаш мақсадида 70 дан ортиқ янги темир-бетон устунлар ўрнатилиб, 3,5 километр узунликдаги янги ҳаво тармоғи тортилди. Шунингдек, қуввати 160 кВА бўлган трансформатор пункти қурилиб, ишга туширилди. Аҳоли хонадонлари янги тармоққа ўтказилиб, электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди.
Ҳудудларда юқоридаги каби ишларнинг амалга оширилиши билан вилоятдаги 21 мингдан ортиқ хонадоннинг, 500 га яқин ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси таъминоти яхшиланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА