Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электр энергияси таъминоти бўйича бир кунлик чеклов 800 мегаваттни ташкил этди 
14:55 / 2024-02-29

Жорий йилнинг 28 февраль куни мамлакатимизда электр энергияси таъминоти бўйича куннинг тиғиз вақтларида 800 МВтгача чекловлар киритилди. Бу бевосита магистраль газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетгани ва электр энергиясига бўлган талабнинг ошиб бориши билан боғлиқ бўлди. Шунингдек, бу каби чекловлар яна давом эттирилиши мумкин.

Бугун АОКАда бўлиб ўтган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев бу ҳақда тўхталиб ўтди. 

Қайд этилишича, газ босимининг одатдагидан кўра паст эканига қарамай, 28 февраль куни ҳам унинг истеъмоли юқорилигича қолган. Кеча мазкур миқдор 152,4 миллион метр кубни ташкил қилган. 

–Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 17 февраль куни Бухоро вилоятида кучли шамол ва муз аралаш ёққан қор туфайли содир бўлган авариядан сўнг магистраль газ қувурларида газ босими кескин тушиб кетганининг оқибатларини бартараф этиш, республика истеъмолчилари ҳамда иссиқлик электр станцияларини табиий газ билан бир маромда таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қатор зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида барча ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида тизимли равишда йўлга қўйилмоқда, – Ҳ.Тошхўжаев. 

Шунингдек, тадбирда табиий газ, суюлтирилган газ ва автобензин етказиб бериш ҳам рақамлар асосида таҳлил қилинди. Унга асосан мамлакатимиздаги 542 та ана шундай шохобча орқали аҳолига ва ижтимоий соҳалар объектларига тегишли автомобиллар, шунингдек, жамоат транспортларининг барча турларига 3 миллион 725 минг метр куб табиий газ сотилган. Автомобилларга газ қуйиш станциялари орқали жами 1 минг 30 тонна суюлтирилган газ етказилган. 

Шу билан бирга, биржа савдоларига автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун 9 минг 510 тонна автобензин, 1 минг 546 тонна дизель ёнилғиси қўйилган бўлиб, ундан 4 минг 617 тонна автобензин, 845 тонна дизель ёнилғиси сотилди. 

Бир кунлик рақамлар сарҳисобига кўра, ишлаб чиқариш 240,9 миллион киловатт соатни, истеъмол эса 231,6 миллион киловатт соатни ташкил этган. 22,3 миллион киловатт соат электр энергияси Туркманистондан импорт қилинган. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА