Мамлакатимиз энергетика соҳасида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ўтган қисқа фурсат ичида Ўзбекистон Республикаси Президентнинг соҳани комплекс ривожлантиришга қаратилган қатор фармон, қарорлари асосида тизим фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилиб, янгича тус олмоқда.
Энергетика хавфсизлигини таъминлаш, ягона электр энергетикаси тизимининг хавфсиз ва ишончли ишлаб туриши, истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш ва истеъмолчиларнинг ҳудудий электр тармоқларидан кенг фойдаланишини таъминлаш ҳамда энергия ҳосил қилувчи қувватларни ва электр тармоқларини реконструкция ва модернизациялаш, ривожлантириш жараёнларига инвестициялар жалб қилиш ва механизмларини жорий этиш каби вазифалар давлат сиёсатининг асосий йўналишларидир.
Президентимизнинг 2019 йилнинг 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантириш, уларнинг улушини 2030 йилга бориб электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига этказиш белгилаб берилган. Ҳозирги вақтда бу кўрсаткич 10-12 фоизни ташкил этади. Белгиланган муддатда кўзланган натижага эришиш учун эса Энергетика вазирлиги қайта тикланадиган энергия манбаларига боғлиқ йирик лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш чораларини ишлаб чиқиб, амалий чора-тадбирларни кўрмоқда.
Қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш – эҳтиёж учун муҳим
Шу билан бирга, энергетика соҳасида бозор муносабатларига ўтиш йўлида муваффақиятли одимлардан бири давлат-хусусий шериклик асосида энергия, шу жумладан, ҚТЭМ ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишдир. Бугун ушбу модель жамики қурилаётган ва режалаштирилган электр станциялар учун асосга айланди. Шундай қилиб, янги электр станцияларни, хусусан, иссиқлик, қуёш фотоэлектр, шамол электр станцияларини ишга тушириш кўп жиҳатдан мамлакат энергетика соҳасида рўй бераётган ўзгаришларига мисол бўла олади.
Бугунги кунда Жаҳон банки гуруҳига кирувчи халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки энг яхши халқаро тажрибани ўзлаштириш ва тендерлар ўтказиш учун техник ёрдам кўрсатмоқда. Тендер ғолиби янги электр станцияни лойиҳалаш, қуриш ва ишлатиш учун масъул ҳисобланади. Корхоналар билан ишлаб чиқариладиган электр энергиясини харид қилиш юзасидан 20-25 йилга мўлжалланган узоқ муддатли битим тузилади. Электр энергия учун фойдали нарх таклифи тендерда ғолиб бўлиш учун асосий мезон қилиб олинган. Аммо ўз таклифини беришдан олдин тендер қатнашчилари малакали саралаш босқичидан ўтишлари лозим. Бундан кўзланган мақсад уларнинг юксак тажрибасини, маблағлари мавжудлигини, бундай лойиҳаларни амалга ошириш ва таъминлашга қодирлигини исботлаши лозим. Бунинг натижасида Ўзбекистон энергетика соҳаси сўнгги 3 йил давомида жадал жорий қилинаётган бозор тамойиллари бу соҳада соғлом рақобат яратишга имкон беради, электр энергия мустақил ишлаб чиқарувчиларининг манфаатдорлиги эса бунинг исботидир.
Ўз навбатида, электр энергия хариди бўйича жами 17 та битим имзоланган, бу эса энергетика соҳаси учун рақобат муҳитини яратиш борасида муҳим босқичлардан биридир. Электр энергияни мустақил ишлаб чиқарувчилар қаторида “TOTAL EREN CA” (Франция), “ABU DHABI FUTURE ENERGIY COMPANY” (БАА), “АCWА POWER” (Саудия Арабистони) каби компаниялар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Энергетика вазирлиги ҳузурида Лойиҳа маркази ташкил қилинган ва у халқаро молия ташкилотлари билан ҳам иш юритади. Марказга турли мамлакатларнинг энергетика соҳаларини ислоҳ қилиш асносида катта тажриба тўплаган халқаро экспертлар жалб этилган. Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда энергия самарадорлигини ошириш масаласи бугун кунда энг долзарб масала ҳисобланади. Ҳозирги кунда жаҳонда энергия истеъмолининг қарийб 23 фоизи уй-жой соҳасига тўғри келса, Ўзбекистон Республикасида бу кўрсаткичлар 40 фоизни ташкил қилмоқда. Хусусан, Европада 1 квадрат метр учун энергия сарфи йилига 120, 150 киловатт соатни ташкил қилса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 390 киловатт соатдан ошмоқда. Энергия самарадорлигини оширишга доир ишларни олиб бориш жараёнида 2020 йилда иқтисодиёт тармоқларида ташкилий-техник тадбирларни амалга ошириш эвазига 1352,4 млн. куб метр табиий газ, 917,5 миллион киловатт-соат электр энергияси тежашга эришилди.
2025 йилга қадар энергия тизими қувватини 25,6 ГВтга етказиш назарда тутилган. Унда иссиқлик электр станциялари 18,8 ГВт, гидроэлектр станциялар – 2,5 ГВт ни таъминлаб, қуёш ва шамол электр станциялари қуввати эса 4,3 ГВт га етади. Эскирган қурилмалар бирма-бир фойдаланишдан чиқариш режалатирилган. 2030 йилга бориб умумий ишлаб чиқариш қуввати 29 200 МВт ни ташкил этади. Бу эса бугунги кўрсаткичларга қараганда 2 баробар кўпдир. Натижада 2030 йилда электр энергия ишлаб чиқариш ҳажми 120,1 миллиард киловатт соатни ташкил этади. Мазкур йўналишдаги ишлар натижаси ўлароқ, 2025 йилга бориб мамлакат энергетика тизимининг қувватини 25 600 МВтга, 2030 йилда эса 29 200 МВт га етказиш вазифаси белгилаб қуйилган. Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетика бўйича жорий қилинаётган лойиҳалар мамлакат энергетика соҳаси олдида қўйилган вазифаларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшади.
Нима учун тез-тез электр энергиясида узилишлар кузатилмоқда?
Электр энергиясини истеъмолини узлуксиз таъминлашда бир қанча муаммолар юзага келмоқда. Жумладан, электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаби ҳаво ҳароратининг совиб кетиши натижасида электр энергияси истеъмолининг кескин ортиб кетиши туфайли юзага келади. Шу билан бирга, қисқа муддатли узилишлар тизимдаги катта аварияларнинг олдини олишга имкон беради. Бунинг сабаби шундаки, ҳар қандай энергия тизимида унинг барқарор ишлаши учун ҳар қандай вақтда истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия мувозанати таъминланиши муҳим. Ушбу жараён истеъмолчиларга электр энергиясини ишончли ва узлуксиз етказиб бериш ва энергия тизимининг муаммосиз ишлашини таъминлаш нуқтаи назаридан жуда муҳимдир.
Электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши (ёзда жазирама иссиқ мавсумидаги ёки қаҳратон қиш мавсумидаги совуқ об-ҳавода) кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолмоқда. Бунда катта аварияларни ва бутун мамлакатда истеъмолчилар электр энергияси таъминотидан узилишини олдини олиш учун электр энергияси таъминотида чекловлар жорий этилишига мажбуран олиб келади. Диспетчерлик маркази томонидан энергетика тизимда мувозанат сақлаш жараёни ўз вақтида таъминламаса, тизимдаги “зўриқиш” турли йирик аварияларга сабаб бўлиб, катта-катта ҳудудларда узоқ вақт электр энергия бўлмаслигига олиб келади. Энергия балансини таъминлаш мумкин бўлмаган ҳолатларда, ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг диспетчерлик бошқармаси истеъмолчиларнинг бир қисмини режа жадвалига мувофиқ чекловлар ўрнатишга мажбур бўлади. Ушбу графиклар, қоида тариқасида, паст кучланишли (0,4 кв, 6-10 кв) тақсимлаш электр тармоқларини ўз ичига олади. Бу ҳаракатлар мамлакат энергетика тизимида юзага келиши мумкин бўлган йирик аварияларнинг олдини олишга қаратилган. Бу эса электр энергиясини кечаю кундуз мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш ва диспетчер назоратининг ўз вақтида жавоб бериш имконини беради.
Электр энергия тизими – электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станциялари, ишлаб чиқарилган электр энергиясини юқори кучланишли магистрал электр тармоқлари орқали транспортировка қилиш, электр энергиясини тақсимлаш тармоқлари ва истеъмолчиларни ўз ичига олган мураккаб тузилма ҳисобланади. Электр энергетикасининг бошқа ишлаб чиқариш соҳа ва йўналишлардан фарқи ҳамда ўзига хос хусусияти шундаки, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши лозим бўлган ягона технологик жараён бўлиб, ҳар лаҳзада улар ўртасида тенглик, мувозанат ўрнатиш ниҳоятда муҳим вазифа ҳисобланади.
Шунингдек, Электр энергия тизимидаги тур хил ноқонуний уланиш каби ҳолатлар натижасида отиқча кучланиш ҳамда трансформаторларга катта кучланишлар натижасида авариялар юзага келишини кўришимиз мумкин. Бунга нисбатан қонунчиликда жавобгарлик масаласи белгилаб қуйилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси д) ва э) банлари, 1852, 2782-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ма’мурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 61, 100, 101 ва 102-моддаларига асосан жавобгарликка тортилади.
Бундай ҳолларда жиддий тизимли аварияларнинг олдини олиш учун энергия тизимини ривожлантириш, унинг энергия самарадорлигини ошириш ва тизимни энергия ресурслари билан таъминлаш шароитларини яхшилаш зарур.
Электр энергияси истеъмолининг узлуксизлигини таъминлаш мумкин. Хўш, қандай ечимлар бор?
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб 97 фоизи “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхоналар ҳиссасига тўғри келади. Статистик маълумотларга қараганда, ўтган йили электр энергетика тизимидаги мавжуд корхоналар томонидан истеъмолчиларга жами 57 миллиард киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси етказиб берилган. Бугунги кунда бир йилда ишлаб чиқариладиган электр энергияси ҳажми 60 миллиард киловатт-соатдан ортиқ бўлиб, ишлаб чиқариш ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталаридагига нисбатан қарийб 10 миллиард киловатт-соатга кўпайган. Аҳоли турмуш даражасининг ўсиши, турли замонавий маиший электр жиҳозларининг турмушда фойдаланиш кўлами кенгаяётгани боис, электрга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон қуёшли ўлка. Бу “яшил энергетика” соҳасини ривожлантиришда кенг йўл очади. Қолаверса, электр энергиясини ҳосил қилувчи қувватларни ошириш, янгиларини ўрнатиш, магистрал ва тақсимлаш электр узатиш линиялари реконструкция қилиш таъминотдаги узлуксизликни таъминлашда асосий ечим ҳисобланади.
Яна бир муҳим жиҳат борки, бу истеъмолчиларнинг ушбу манбадан фойдаланиш маданиятини ошириш ва бу борада тизимли ишларни олиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда истеъмолчиларни сифатли электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш борасида қатор вазифалар амалга оширилмоқда. Электр энергиясини ҳосил қилувчи қувватларни ошириш, магистрал ва тақсимлаш электр узатиш линиялари реконструкция қилинмоқда. Хусусан, пойтахтимиздаги Учтепа туманини кўрадиган бўлсак, туман электр таъминоти корхонаси тасарруфида 62 минг 638 нафар аҳолига ва 2043 дан зиёд юридик шахсга хизмат кўрсатувчи 428 та трансформатор станцияси, 274 км. узунликдаги ҳаво электр узатиш тармоқлари, 10-6-04 кВт 543 км кабел линиялари эксплуатация қилинмоқда.
2020 йилнинг ўтган даврида, истеъмолчиларга электр энергия таъминотини яхшилаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилган. Хусусан, 6-10 кВт 44 та трансформатор станцияси мукаммал таъмирланди. Шунингдек, 260,85 км ҳаво тармоғидан 37,43 км ҳаво тармоғи мукаммал ҳамда 109.6 км ҳаво тармоғи жорий таъмирдан чиқарилди. "Обод маҳалла" дастурига асосан жорий йилда "Кўҳна чўпон ота", "Ҳамдўст" ва "Тинчликобод" МФЙларида трансформатор нимстанциялари мукаммал таъмирланди. Қолаверса, ҳудуддаги 17 та маҳаллалардаги симёғоч устунлар, бетон устунларга алмаштирилди.
Кейинги пайтда электр тармоқларига юкламалар ортиб боряпти. Айни вақтда “Тошкент шаҳар МЭТ” филиали балансида умумий қуввати 3034,5 мегавольтампер бўлган 220 кВтли 7 та подстанция ишлаб турибди. Жорий йилда 4 дона трансформатор ҳамда 8 дона ўчиргич мукаммал таъмирдан чиқарилди. “Қўйлиқ”, ”Юксак” ва “Озодлик” подстанцияларида эса модернизация ва реконструкция ишлари давом эттирилмоқда. Бу йил ҳисобидан 43,8 миллиард сўм ўзлаштирилиб, замонавий электр ускуналарга ва умумий қуввати 338 мегавольтампер бўлган куч трансформаторлари фойдаланишга топширилди. Подстанцияларга бирин-кетин янги, юқори қувватли трансформаторлар ўрнатиляпти ва электр ускуналар янгисига алмаштириляпти.
Жорий йилнинг 5 июлида Хитой Халқ Республикасининг “Чандонг Элеcтрикал Энжинееринг анд Эқуипмент Гроуп Cо. Лтд” компанияси ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ўртасида 6,78 миллион долларлик шартнома имзоланди. Бундай комплекс қурилмаси юртимизда илк маротаба юқори кучланишли электр тармоқларида амалиётга татбиқ этилмоқда.
Электр тармоқлари ва подстанцияларда электр энергияси бир маромда ишлаши керак. Шунда электр ускуналар белгиланган муддатгача ўз хусусиятини ўзгартирмасдан ишлайди. Инвестицион дастурлар асосида тизим бўйича модернизация ва реконструкция ишларининг йил сайин фаоллашаётгани янги қувват ва имкониятларни юзага келтирмоқда.
Фаёз Нормуродов,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
Иқтисодий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси прокурори
Жамолиддин НОСИРОВ,
Миробод туман прокурорининг катта ёрдамчиси
1-даражали юрист,
ЎзА