Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электр энергияси ишлаб чиқарилади
11:42 / 2026-02-09

Қорақалпоғистон Республикасида экологик барқарорликни таъминлаш ва энергетика соҳасини ривожлантиришга қаратилган муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда.

Божхона қўмитаси масъуллари томонидан ҳудудда қаттиқ маиший чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Яқинда Нукус туманида тамал тоши қўйилган чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси хорижий инвестициялар асосида амалга оширилиб, у Beijing China Sciences Runyu Environmental Technology (CSET) билан ҳамкорликда йўлга қўйилмоқда. Лойиҳа чиқиндиларни замонавий технологиялар асосида ёқиш орқали қайта ишлаш ва электр энергиясига айлантиришни назарда тутади.

Ушбу инвестиция лойиҳаси қиймати 80 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ҳосил бўладиган кунлик 750 тонна, йиллик 274 минг тонна чиқинди қайта ишланиб, натижада йилига 80 минг МВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва 80 та янги иш ўрни яратилади.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида Оролбўйи ҳудудидаги чиқинди полигонлари сони 50 фоизга қисқаради. Шунингдек, ушбу завод атрофида жойлашган корхона ва ташкилотлар электр энергияси билан узлуксиз таъминланади.

Лойиҳани амалга ошириш ишлари жорий йилнинг февраль ойида бошланиб, 2028 йилда тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган. Ушбу ташаббус атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни самарали бошқариш ва аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш орқали ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири