Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б.Муратов бошчилигидаги ишчи гуруҳ вакиллари Ғиждувон туманида барпо этилаётган шамол электр станциясининг қурилиш жараёни билан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига биноан “ACWA POWER BASH WIND” лойиҳаси бунёд этилмоқда.

Қайта тикланадиган энергиядан фойдаланишни ривожлантириш ҳамда электр энергетика тармоғига тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида қад ростлаётган мазкур лойиҳа учун 650 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция киритилган.
Божхона органи масъуллари Саудия Арабистонидан жалб этилган инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳада олиб борилаётган қурилиш жараёни билан бевосита танишди. Технологик асбоб-ускуналарнинг ўз вақтида божхона расмийлаштирувини амалга ошириш ва лойиҳанинг белгиланган муддатда фойдаланишга топширилиши юзасидан ўзаро фикр алмашди.

Ҳозирга қадар, лойиҳага 890 миллиард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган бўлиб, учрашувда хориждан келтирилаётган эҳтиёт қисмларнинг божхона назорати ва расмийлаштирувини тезкорлик билан якунига етказишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилиши таъкидланди.

Маълумот учун, “ACWA POWER BASH WIND” лойиҳаси доирасида қад ростлаётган шамол электр станциясига ўрнатилаётган 79 та турбиналар ойига 360 минг МВт электр энергия ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Режага биноан станциянинг биринчи босқичи жорий йилнинг иккинчи ярмида, тўлиқ ҳажмда эса, 2025 йил якунида ишга туширилади.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.