Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Электр энергия ишлаб чиқаришда 1 миллиард 241,1 миллион куб табиий газ иқтисод қилинди
13:18 / 2021-02-15

Энергетика вазирлиги тизимидаги “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йилда 60,75 миллиард кВт/соатни ташкил этиб, режа кўрсаткичи 103,8 фоизга бажарилди. Натижада ўсиш суръати 2019 йилга нисбатан 107,7 фоизни ташкил этди.

– Ёқилғи ресурсларини иқтисод қилиш комплекс чора-тадбирларини амалга ошириш ҳисобига 1 миллиард 241,1 миллион куб табиий газ иқтисод қилинди, – деди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ техник бошқармаси бошлиғи Ойбек Зоҳидов. – Ишлаб чиқариш корхоналаридаги асосий ва ёрдамчи ускуналарни 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёрлаш бўйича 8 та энергоблок, 15 та қозон агрегати, 1 та турбоагрегат, 4 та буғ-газ қурилмаси мукаммал ва ўрта таъмирланди. Ушбу ишларга 318 миллиард 414,4 миллион сўм маблағ сарфланди.

Миллий матбуот марказида мазкур акциядорлик жамияти масъуллари иштирокида ташкил этилган тадбирда шу ҳақда сўз борди.

Анжуманда жорий қиш-баҳор мавсуми давомида электр энергияси ишлаб чиқаришнинг барқарорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилар экан, унда 2020 йилда ишлаб чиқарилган электр энергия ҳажми, режа кўрсаткичи ҳамда мавжуд ускуналарни таъмирлаш борасидаги натижалар ҳам сарҳисоб қилинди.

Шу билан бирга, жамият томонидан электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмини талаб даражасида ошириш, амалга оширилаётган инвестицион лойиҳаларни ўз муддатида якунлашга катта эътибор қаратилган. Ҳозирги кунда станциялар ва марказий офисда IT-ускуналарини модернизация қилиш ишлари амалга оширилаётган бўлса, марказлаштирилган маълумотлар марказини яратиш бўйича ишлар ўз якунига етказилмоқда.

Жамиятнинг энергия ускуналарига сервис хизмат кўрсатиш бошқармаси мутахассиси Бекзод Бўронбоевнинг қайд этишича, бу борада корпоратив бошқарув тизимини амалга ошириш учун ишчи гуруҳ тузилган ва “Йўл харита”си ишлаб чиқилган.

– Бугунги кунда ишчи гуруҳ интегратор компаниялар билан биргаликда учта корхона – “Тошкент ИЭС”, “Тошкент ИЭМ” ва “Сирдарё ИЭС” АЖда лойиҳалашдан олдин тадқиқот ўтказмоқда, – деди Б.Бўронбоев. – “ИКС Холдинг” компанияси гуруҳи билан биргаликда энергетика саноатининг рақамли трансформациясини ривожлантириш бўйича ягона концепцияни ишлаб чиқиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. “Тошкент ИЭС” ва “Тошкент ИЭМ” корхоналарида ходимларнинг электрон ҳужжат айланиши ва автоматлаштириш тизими жорий этилди.

Шунингдек, 2020-2022 йилларга мўлжалланган "Иссиқлик электр станциялари" АЖда рақамли трансформация дастурига мувофиқ, ягона маълумотлар марказини яратиш, тизим корхоналарида молиявий, иқтисодий ва ташкилий жараёнларни мониторинг қилиш ва бошқаришга қаратилган корпоратив корхона бошқарув тизимини (ERP) амалга ошириш, "1C-бухгалтерия ҳисоби" асосида ҳисоб ва ҳисоботнинг ягона тизимини яратиш, “Тўрақўрғон ИЭС”, “Навоий ИЭС” ва “Талимаржон ИЭС” АЖ ходимлари учун электрон ҳужжат айланиши тизимини жорий этиш кўзда тутилган.

Тадбирда иштирокчиларга инвестиция сиёсати, электр энергиясини ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш, модернизация лойиҳалари бўйича ҳам маълумот берилди.  

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА