Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 февралдаги 91-сон қарорига асосан “Электр энергетикаси соҳасидаги фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган эди. Ушбу қарор 2025 йил 14 майдан бошлаб кучга кирди.
Низомга мувофиқ, электр энергетикаси соҳасида электр энергиясини ишлаб чиқариш, электр энергиясини узатиш, электр энергиясини тақсимлаш, электр энергиясини сақлаш, электр таъминоти хизматларини кўрсатиш, марказий харид қилувчи сифатидаги фаолиятни амалга ошириш, электр энергияси бозори оператори фаолияти, шунингдек, электр энергиясини экспорт ва импорт қилиш каби фаолият турлари мажбурий тарзда лицензияланади. Лицензиялаш жараёни Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги томонидан амалга оширилади.
Агентлик ахборот хизматига кўра, мазкур ҳуқуқий механизм электр энергетикаси соҳасида фаолият юритувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини тартибга солиш, бозорда шаффофлик ва рақобат муҳитини таъминлаш, шунингдек, соҳада инвестициявий жозибадорликни оширишга қаратилган.
Қўшимча маълумотлар билан Вазирлар Маҳкамасининг 91-сон қарори ва Электрон лицензиялаш платформаси орқали танишиш мумкин.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА