Ўтиб бораётган 2020 йил нафақат ўзбек халқи, балки жаҳон аҳли учун синовли бўлди. Коронавирус балоси билан курашиш барчага осон кечмади. Яратганга беадад шукрки, Ўзбекистон ҳукумати ва халқимиз бу офат билан кураша олди. Барча соҳаларда унинг таъсири сезилса-да, Президентимиз етакчилигида кўрилган чора-тадбирлар туфайли мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлашга эришилди.
Тўғри, йўқотишлар бўлди. Одамларимиз яқинларидан айрилди... Аммо ҳукуматимиз томонидан кўрсатилган руҳий ва маънавий мадад, бирдамлик ва хайрихоҳлик, қолаверса, қўли гул шифокорларимиз жонкуярлигидан бугунги кунда пандемияни енгишга эришдик, десак ўринли бўлади.
Ҳар галгидек, бизга йил якунини сарҳисоб қилиш ва келгуси йил режаларини белгилаш одатий тусга кирган. Хўш, тугашига саноқли кунлар қолган 2020 йилда Энергетика вазирлиги тизимидаги «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти фаолиятида нима ўзгаришлар бўлди? Соҳада қандай лойиҳалар амалга оширилди? Мавсумга тараддуд қандай кечди?
Албатта, бундай саволларнинг туғилиши табиий. Келинг, тизимдаги ишларга қисқача тўхталиб ўтсак.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ишлаб чиқарилган электр энергиясини юқори кучланишли магистраль электр тармоқлари ҳамда подстанциялар орқали ҳудудий тақсимловчи электр корхоналарига узатади. Шунингдек, Жамият электр энергияси импорти ва экспорти, тармоқда қурилиш-монтаж, модернизация ва реконструкция ишлари, шу билан бирга йирик инвестицион лойиҳаларни ҳам амалга оширади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги қарорига асосан ташкил этилган мазкур акциядорлик жамияти таркибида 14 та ҳудудий магистраль электр тармоқлари филиаллари, 2 та «Energo-IT» ва «Магистраль электр тармоқ қурилиш» филиаллари, 1 та «Ўзэнергоинжиниринг» АЖ лойиҳалаш институти, 2 та «Энергомахсусавто» МЧЖ ва «Gridcon» МЧЖ корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда ушбу корхоналарда 5 минг нафарга яқин мутахассис ҳамда ишчи-ходим меҳнат қилади.
Жамият тасарруфида 220-500 кучланишли 78 та подстанция ва 10 180,0 км узунликдаги ҳаво электр тармоқлари орқали электр энергиясини узатиш хизмати амалга ошириб келинмоқда.
Магистраль электр тармоқлари объектларини 2020/2021 йил куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, тадбирлар тўлиқ ва сифатли тугатилди.
Республиканинг иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бизнес субъектлари ҳамда аҳолининг электр энергиясига ортиб бораётган талабини тўлиқ қоплаш, яъни ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини тақсимловчи корхоналарга узатишнинг ишончлилигини ошириш мақсадида, Жамият тассаруфидаги электр тармоқларини модернизация ҳамда реконструкция қилиш ишларини жадал олиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг 10 ойида подстанцияларда жами 1500 МВА янги қувватлар яратилди. Жумладан, модернизация дастури асосида 9 та подстанцияда жами қўшимча 1100 МВА қувват ишга туширилиши, янги қурилишлар дастурига асосан Тошкент вилояти аҳолиси ва тадбиркорлик субъектларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш бўйича қўшимча қуввати 400 МВА янги 220 кВли «Сирғали» ПС фойдаланишга топширилганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Ўтган 1990-2016 йиллар ичида юқори кучланишли подстанцияларнинг ўтказувчанлик қуввати деярли оширилмаган, электр тармоқлар ва подстанциядаги ускуна-жиҳозлар фақат жорий ва мавсумий таъмирланган холос. Охирги 3-4 йилда эса юқори кучланишли электр тармоқларида улкан модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилди. Биргина жорий йилда 1500 МВА қўшимча қувват яратилди ва ўз-ўзидан маълумки, бундан қурилиш-монтаж ишлари истеъмолчиларимизнинг йилдан-йилга, кундан-кунга электр энергиясига нисбатан ошиб бораётган эҳтиёжини қоплаш учун хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизнинг шимоли-ғарбий ҳамда жанубий ҳудудларини электр таъминоти ишончлилигини мустаҳкамлаш мақсадида «Тахиатош ИЭС»дан «Хоразм» подстанцияси орқали Саримой аҳоли яшаш пунктигача 220 кВли электр узатиш тармоғи ҳамда Ўзбекистон –Афғонистон ҳукуматлараро келишувларига биноан бошланган инвестицион лойиҳа – 500 кВ «Сурхон–Пули-Хумри» (Хўжа-Алвон) электр узатиш тармоғининг қурилиш ишлари ўз ниҳоясига етказилди.
Бундан ташқари, «Магистраль электр тармоқларнинг подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш» лойиҳаси, «Навоий иссиқлик электр станцияси»дан 220 кВ ли ҳаво линиясини «Бесопан» пунктигача 500 кВли габаритда қуриш» лойиҳаси, «500/220 кВ ли «Мурунтау» подстанциясини қуриш ва учта 167 МВАлик трансформаторларини ўрнатиш» лойиҳаси, «Ўзбекистон Республикасида 500 кВли Ғузор – Регар (Л-507) электр узатиш линиясини тиклаш» лойиҳаси, «Сирдарё иссиқлик электр станцияси»дан 220 кВли ҳаво линияси ҳамда 220 кВ ли «Зафаробод» подстанциясини қуриш» лойиҳаси, «500 –220 кВли «Колцевая» подстанция ва электр узатиш линиялари қурилиши» лойиҳаси, «3 та 167 МВА трансформаторли 500/220 кВли «Олтинсой» подстанцияси қурилиши» лойиҳаси, 220 кВли «Амир Темур» подстанцияси қурилиши ва «Ғузор» подстанциясидан 220 кВ кучланишли ҳаво линияси қуриш ҳамда бошқа бир нечта инвестицион лойиҳалар жадал суръатларда амалга оширилмоқда.
Магистраль электр тармоқларининг бино ва иншоотларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш масалалари ҳам доимий ишларимиздан. Тошкент вилоятида «Адолат» подстанцияси, Сирдарё вилоятида «Феруз» ва «Гўзал» подстанциялари, Жиззах вилоятида «Сарибозор» подстанцияси, Хоразм вилоятида «Хазорасп» подстанцияси, Сурхондарё вилоятида 500 кВли «Сурхон» ва «Шеробод» подстанциялари бино ва иншоотлари мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлса, Тошкент шаҳри ва Андижон вилояти филиалининг янги маъмурий биноси замонавий услубда қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Муқобил энергия манбалари бўйича инвестицион лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтсак. Хусусан, Карманада 100 МВт қувватли қуёш, Зарафшонда қуввати 500 МВтдан кам бўлмаган шамол, Нурободда 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр, Ғиждувон ва Пешкуда қуввати 1000 МВт бўлган шамол, Қораузакда қуввати 100 МВтдан бўлган шамол, Шерободда қуввати 200 МВтдан кам бўлмаган фотоэлектр ҳамда Каттақўрғон ва Ғаллаорол туманларида қуввати 200 МВтдан кам бўлмаган қуёш электр станциялари қуриш лойиҳалаштирилган. Қуёш ва шамол эвазига электр энергияси ишлаб чиқарадиган муқобил энергия манбаларининг дастлабки йирик лойиҳаси 2021 йилнинг охири, 2022 йилнинг бошида ўз мевасини бера бошлайди.
Аҳамиятли жиҳати, жамиятнинг асосий ишлаб чиқариш кўрсаткичи – мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинаётган электр энергиясини тақсимловчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига етказиб бериш 102 фоизга бажарилганидандир.
Бугунги кунда ходимлар малакасини ошириш давримизнинг долзарб масаласига айланмоқда. 2020 йил учун жамиятнинг тасдиқланган «Йўл харитаси» асосида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург малака ошириш энергетика институти билан олиб борилган музокаралар натижасига кўра, пандемия шароитида 15 нафар подстанция оператив ходимларини, сўнгра 20 нафар ўрта бўғин раҳбарларини онлайн ўқитишга эришдик. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йиил 5 октябрдаги «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг 20 нафар мутахассис-ходими миллий диспетчерлик тизимини назорат қилиш ва маълумотларни йиғиш бўйича (SСADA) ва энергияни бошқариш тизими (ЕМS) жорий этилиши бўйича ўқитилди.
Бундан ташқари, жамиятда мавжуд Устоз-мураббийлар гуруҳи, яъни «Ўзбекистон МЭТ» АЖда меҳнат фаолияти олиб бораётган, илмий даражага эга мутахассис-кадрларнинг билим-тажрибаси ҳамда педагогик маҳоратидан фойдаланиб, пандемия карантини эълон қилинган паллада ҳафтанинг шанба кунларида online режимидаги ўқув машғулотлари ўтказилди. Шу билан бирга, жамият тасарруфидаги “Нурафшон” санаториясида 2020 йил декабрь ойидан 2021 йил март ойигача малака ошириш курслари ташкил этилиб, бу ишчи-ходимларнинг соғлиғини тиклаш баробарида уларнинг билим-тажрибасини оширишга ёрдам бермоқда.
Бугунги кунда «Ўзбекистон МЭТ» АЖда рақамлаштириш бўйича бир нечта лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг молиявий-иқтисодий фаолият тизими самарадорлигини ошириш, корпоратив бошқарувни оптималлаштириш мақсадида ишлаб чиқариш ва бошқариш жараёнларини автоматлаштириш тизими – ERP дастурини, шу билан бирга, диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш дастурий-аппарат комплекси – SCADA дастурини жорий қилиш бизнинг долзарб вазифамиздир. Ўтаётган йилда бу борада амалга оширган ишларимиз кириб келаётган 2021 йилда ўзининг амалий натижасини беради, деган умиддамиз.
Азиз ватандошлар! Ҳар қандай оғир вазиятда халқ бирдамлиги муҳим эканини пандемия шароити бизга яна бир бор кўрсатиб берди. Илоҳим, пандемия туфайли ўтказган оғир синовлар ўтган йилда қолсин. Янги 2021 йил Ўзбекисон давлати, ҳукумати ва халқи учун энг омадли йил бўлиб кириб келсин.
Дадажон ИСАҚУЛОВ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси.
ЎзА