Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига қарашли “Сув спорти саройи”да сузиш бўйича I Марказий Осиё очиқ чемпионати вакилларимиз учун муваффақиятли ўтмоқда.
Мусобақанинг иккинчи кунги беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Элдорбек Усмонов 18 ёшгача бўлган сузувчилар ўртасидаги 50 метр масофага баттерфляй усулида сузиш баҳсларида маррага 23.32 дақиқада етиб келди ва мамлакатимизнинг ушбу масофадаги янги рекордини янгилади. Бундан аввалги рекорд ҳам айнан ушбу сузувчимизга тегишли эди. Шунингдек, мазкур йўналишда яна бир вакилимиз Михаил Клешко кумуш медалга сазовор бўлди.
Баттерфляй беллашувларининг турли ёш ва масофаларида Севара Рашидова, Алина Нурматова, Рухшона Раҳимжонова, Мадина Имомназарова, Самир Абдужабборов, Жавлон Ғаниев, Даврон Носиржонов каби сузувчиларимиз ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Шунингдек, комплекс ва эркин усулда 100 метр масофага сузиш бўйича аралаш эстафета беллашувларида терма жамоамиз 6 та кумуш, 2 та бронза медалига эга чиқди.
400 метр масофага комплекс усулда сузиш бўйича Илёс Гизов ва Алина Нурмуродова ўз ёш тоифаларида олтин медалга эга чиққан бўлса, Юрий Петровин, Никита Корнилов, Севара Яхшиева кумуш медаль билан тақдирланди.
[gallery-23509]
Баҳслар давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА