English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Элдор Шомуродов Туркия чемпионатида яна гол урди
09:53 / 2025-12-15

Футбол бўйича Туркия Суперлигасининг 16-туридан ўрин олган "Самсунспор" ва "Истанбул Башакшеҳир" учрашуви 0:2 ҳисобида ўз якунига етди.

Беллашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлимда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Элдор Шомуродов 66-дақиқада рақиб ҳимоячиси хатосидан унумли фойдаланиб, тўпни эгаллаб олди ва узоқ масофадан аниқ зарба билан ҳисобни очди. 83-дақиқада футболчимиз яна тўпни эгаллаб олиб, ҳужум ташкил қилди ва жамоадоши Бертуг Йилдиримга голли пас узатди. Шу тариқа, Элдорнинг фойдали ҳаракатлари эвазига "Истанбул Башакшеҳир" 3 очкога эга бўлди.

Шу тариқа, Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасидаги голлари сонини 11 тага етказди ва “Олтин бутса” учун курашда биринчи ўринда турган “Трабзонспор” ҳужумчиси Пол Онуачуга етиб олди. Айни дамда Туркия чемпионати тўпурарлар рўйхатининг учинчи ўрнида “Галатасарой” юлдузи Мауро Икарди саккизта гол билан қайд этилган. Уларни “Бешиктош” клуби форварди Тэмми Абрахам, “Коньяспор” ҳужумчиси Умут Найир ва “Фенербахче” ўйинчиси Юсуф Эн-Несири еттитадан гол билан таъқиб қилмоқда.    

Дарвоқе, "Самсунспор" ва "Истанбул Башакшеҳир" баҳсида Аббосбек Файзуллаев бошланғич таркибдан жой олди ва майдонда энг фаол ўйнаган футболчилардан бири бўлди.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА