Туркия чемпионатининг 13-туридан сўнг “Истанбул Башакшеҳир” ҳужумчиси Элдор Шомуродов Суперлиганинг тўпурарлари пойгасида пешқадамлар сафига кўтарилди.
Гап шундаки, “Истанбул Башакшеҳир” ушбу турда “Трабзонспор” жамоаси билан ўйнади ва 3:4 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Мазкур баҳсда чемпионатда саккизтадан гол урган ҳолда, лига тўпурарлиги учун рақобатлашаётган Элдор Шомуродов ва Поль Онуачу (“Трабзонспор”) биттадан гол урди.
Бунинг натижасида Поль ва Элдор лигада 13 ўйинда тўққизтадан гол урган ҳолда карвонбошиликни давом эттирмоқда. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Э.Шомуродов дарвозага киритган голларидан фақат биттасини пенальтидан амалга оширган бўлса, Онуачу бу ишни уч марта бажарган.
Дарвоқе, уларни “Галатасарой” футболчиси, аргентиналик юлдуз Мауро Икарди ва “Фенербаҳче” форварди Юсуф Эн-Несири еттита гол билан таъқиб қилмоқда.
“Истанбул Башакшеҳир” Туркия Суперлигасининг навбатдаги турида 30 ноябрь куни “Касимпаша” жамоаси меҳмони бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА