Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Элдор Арипов: Корея Республикаси Марказий Осиё давлатларининг ишончли ва вақт синовидан ўтган ҳамкори
22:52 / 2023-12-11

Бугун Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий Осиё ва Корея Республикаси: ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболи стратегик мулоқоти” мавзусидаги экспертлар форумида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, жумладан, Ўзбекистон – Корея муносабатлари жадал ривожланаётганигаалоҳида тўхталди.

СМТИ вакили таъкидлаганидек, Корея Республикаси Марказий Осиё давлатларининг ишончли ва вақт синовидан ўтган ҳамкоридир.

Хусусан, Ўзбекистонда ўтган йил ушбу давлат билан дипломатик алоқа ўрнатилганининг 30 йиллиги ва корейс диаспорасининг 85 йиллиги кенг нишонланди.

Э.Ариповнинг сўзларига кўра, ушбу қисқа давр ичида Ўзбекистон – Жанубий Корея стратегик шериклиги барқарор ва самарали тус олди. Бунга юқори даражадаги интенсив сиёсий мулоқот кўп жиҳатдан ёрдам берди.

Сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси доирасида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Юн Сок Ёль ўртасида илк юзма-юз учрашув бўлиб ўтди. Музокара чоғида икки давлат раҳбарлари давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик йўлида янги иқтисодий кун тартибини белгилаш муҳимлигини тасдиқладилар.

СМТИ директори фикрича, бунинг учун аллақачон яхши пойдевор қўйилган. Айни пайт Ўзбекистонда Жанубий Корея билан ҳамкорликда ташкил этилган мингга яқин қўшма корхона фаолият кўрсатяпти, Кореянинг иқтисодиётимизга киритган сармояси 7 миллиард доллардан ошди.

Ўзаро савдо ва сармоя кўрсаткичи изчил ўсиб бормоқда. Ўтган йил товар айирбошлаш миқдори 24 фоиз ошди.

Эркин савдо шартномаси тузиш бўйича музокара фаол босқичга кирган. Яқинда Савдо ва инвестицияни осонлаштириш дастури  имзоланди. Шу нуқтаи назардан олий даражадаги бўлажак мулоқотлар Ўзбекистон – Корея ҳамкорлигининг мавжуд ижобий ўсиш суръати янада жадаллашишига ишонч билдирилди.

Э.Aрипoв Сеул нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг барча давлатлари иқтисодиётини модернизация қилишга салмоқли ҳисса қўшиб келаётганини эътироф этди.

– Корея сармояси туфайли автомобилсозлик, кимё, металлургия, нефть-газ, ахборот-коммуникация ва бошқа кўплаб соҳалар ривожланиши жадал суръат олди, – дея изоҳ берди эксперт.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги кўмагида минтақада турли ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар амалга оширила бошланди. Умуман, Жанубий Кореянинг Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётига киритган жами сармояси 15 миллиард доллардан ошди.

СМТИ директори таъкидлаганидек, айни пайт маданий-гуманитар алоқа ҳам фаоллашган. Бу жараёнда минтақа мамлакатларидаги 300 мингдан зиёд кишини ташкил этувчи йирик корейс диаспораси энг муҳим иштирокчи ҳисобланади.

Ўз навбатида, минтақа ёшлари корейс маданиятини катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда – тил ўрганишдан тортиб, мусиқа тинглаш ва корейс фильмларини томоша қилишгача.

Эксперт сўзларига кўра, мазкур йўналишда Марказий Осиё минтақасида ушбу мамлакат руҳини ўзида жамловчи – Корея маданияти ва тили марказлари муҳим ўрин тутади. Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик бундай юқори суръатга эришишида мулоқотни институционаллаштириш муҳим омилдир.

– 2007 йилдан буён “Марказий Осиё – Корея Республикаси” ҳамкорлик форуми йиғилишлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда, бу учрашувлар қўшма лойиҳалар амалга ошириш жараёнини муҳокама қилиш учун самарали майдон сифатида намоён бўлди, – дея хулоса қилди СМТИ директори.

Ғ.Хонназаров тайёрлади. ЎзА