French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЭЛБОШИГА ИШ ТУШГАНДА
18:23 / 2020-04-02

Коронавирус пандемияси туфайли халқимиз синовли кунларни ўтказмоқда.

Сахийнинг боғи гуллайди

Коронавирус пандемияси туфайли халқимиз синовли кунларни ўтказмоқда. Мана шундай оғир шароитда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, боқувчиси йўқ кексалар ва ногиронларга саховатпеша тадбиркорларимиз томонидан бепул озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиеник воситалар тарқатилаяпти.

– Коронавирус пандемияси бошлангандан ҳозирга қадар фабрикамизда етиштирилган маҳсулотларни арзонлаштириб, жумладан, товуқ гўштини 10 минг, тухумни 500 сўмдан бозорларга етказиб бераяпмиз, – дейди Навоий вилоятидаги “Каrmana golden eggs” масъулияти чекланган жамияти директори Азиз Сувонов. – Бундан ташқари, 100 дан ортиқ кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бор оилаларга маҳсулотларимизни бепул тарқатаяпмиз. Бу ишни келгусида ҳам давом эттириш ниятидамиз. Мақсадимиз – эл бошига иш тушганда уларга кўмаклашиш.

Айни пайтда мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин жорий этилиб, баъзи чекловлар қўйилди. Бироқ бу иқтисодиётнинг қон томири саналган кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ўз таъсирини кўрсатаётгани йўқ. Бунга “Каrmana golden eggs” МЧЖга қарашли товуқчилик корхонаси фаолияти ҳам мисол бўлади.

Корхона Туркия технологияси асосидаги энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Бир ойда 1 миллион бош 90 кунлик жўжа, 9 миллион дона тухум етиштирилади. Бугунги кунда 65 фуқаро доимий иш ўрнига эга. Бугунги кунда ҳам ишчилар ҳимоя ниқоби, гигиеник воситалар билан таъминланган ҳолда фаол меҳнат қилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йилнинг 19 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Марказий банк ҳам бир қатор имтиёзлар жорий қилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари учун 2020 йилнинг 1 октябрига қадар “кредит таътили”, “солиқ таътиллари” эълон қилинди.

– Тадбиркор дардини тушуниб, қийин кунларда қўллаб-қувватлагани учун Президентимизга миннатдорлик билдирамиз, – дейди А.Сувонов. – Бу имкониятдан биз ҳам унумли фойдаланишни бошладик. Бизга хизмат кўрсатувчи банкка 2020 йилнинг 1 октябрь кунига қадар “кредит таътили” берилиши юзасидан мурожаат қилдик. Бу биз – тадбиркорлик фаолиятимиз учун катта имконият бўлди, албатта.