21 март - атоқли шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ватанимизнинг Давлат мадҳияси шеъри муаллифи Абдулла Орипов таваллуд топган кун.
Устознинг ғоят гўзал ва бетакрор шеърияти миллат шаъни, қадр-қиммати, Ватан истиқболи, шу муқаддас диёрнинг Наврўздай ёруғ кунлари билан ҳамоҳангдир.
Маълумотларга кўра, Абдулла Орипов 1941 йил 21 март куни Қашқадарё вилояти Косонсой туманида Некўз туғилган.
У 1958 йил ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлагач, таҳсилни Ўзбекистон Давлат университети - ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети филологияси факультетининг журналистика бўлимида давом эттирган эди.
Устоз ижодкор 1963 йил университетни аъло баҳолар билан якунлаб, “Ёш гвардиячи” таҳририятида муҳаррир бўлиб ишлаган эди. 1967—1974 йилларда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат таҳририяти муҳаррири ва бош муҳаррири, 1974—1976 йилларда “Шарқ юлдузи” журналида бўлим раҳбари сифатида фаолият кўрсатганди.
1972 йилдан 1982 йилгача Абдулла Орипов Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб фаолият юритган эди. 1982—1983 йилларда Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилояти бўлинмаси котиби, 1983—1985 йилларда “Гулхан” журнали бош муҳаррири,1985 йилдан котиб, 1996 йилдан 2009 йилгача Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида фаолият кўрсатган эди. Устоз ижодкор 1988 йил Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси этиб тайинланганди.
Абдулла Орипов Олий Мажлис биринчи ва иккинчи чақируви депутати ва сенатори бўлган эдилар.
Устоз Ўзбекистон Давлат мадҳиясининг муаллифларидан бири сифатида тарихда ном қолдирган. У атоқли бастакор Мутал Бурҳонов билан бирга жонажон Ўзбекистонимизнинг бош қўшиғининг ҳар бир сўзи, оҳанги устида астойдил жон куйдирган фидойи инсондир.
Устоз ижодкор 1998 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлганди.
“Қуш” номли ўзининг илк шеърини Абдулла Орипов университетда ўқиган кезлари ёзган эди. Абдулла Ориповнинг “Баҳор”, “Биринчи муҳаббатим”, “Куз”, “Саратон”, “Ўзбекистон”, “Муножотни тинглаб”, “Отелло”, “Сароб”, “Денгизга”, “Маломат тошлари”, “Олтин балиқча”, “Юзма-юз”, “Генетика” ва бошқа шеърлари — ХХ асрнинг иккинчи ярми ўзбек адабиётининг ёрқин намунасидир.
1965 йил унинг илк шеърий тўплами “Митти юлдуз” чоп этилган. Шундан сўнг “Кўзларим йўлингда”, “Онажон”, “Руҳим”, “Ўзбекистон”, “Қасида”, “Хотирот”, “Юртим шамоли” э, “Ҳайрат”, “Нажот қалъаси”, “Йиллар армони” , “Ишонч кўприги”, “Муножот” , “Ҳаж дафтари” , “Сайланма” шеърий тўпламлари нашрдан чиқди.
Абдулла Орипов қаламига мансуб “Жаннатга йўл”, “Табиб ва ўлим” , “Ранжком”, “Соҳибқирон” достонлари адабиёт ихлосмандларига яхши таниш.
Миллат, Ватан тақдирини ўз тақдири билан вобаста кўриш, оддийлик, самимият, ўз халқига чексиз меҳр ва эҳтиром закий ижодкор Абдулла Орипов инсоний фазилатларининг устувор жиҳатларини ташкил этар эди. Шоир сўзи билан айтилувчи қўшиқлар мусиқа санъатимизда алоҳида ўрин тутади.
Кейинги олти-етти йиллар давомида улуғ шоиримиз хотирасига ҳурмат кўрсатиш янгича маъно-мазмун билан бойиди. Пойтахтимиздаги "Адиблар хиёбони"да шоирнинг ҳайкали бунёд этилди. Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ташкил этилди. Шоирнинг умр йўлдоши, барча заҳматлари, қувончу ташвишларига шерик инсон - Ханифа ая Мустафоева 2019 йилда "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан тақдирланди. Кейинги пайтда Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган картиналарни мухлисларга тақдим этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, Абдулла Орипов миллий адабиётимиз, она тилимиз, Ватанимиз ва халқимизга меҳр ва садоқатнинг ҳақиқий тимсолидир. Наврўз айёми тантана қилинаётган шу кунларда устоз ижодига бағишлаб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан кўплаб ижодий кечалар, адабий анжуманлар, шеърхонлик тадбирлари, ижодий танловлар ташкил этилмоқда.
ЎзА мухбири Н.Усмонова тайёрлади.